Жорий йилнинг 22-28 август кунлари Германиянинг “OPASCA GmbH” компанияси бош директори Алексей Свердлов раҳбарлигида делегация мамлакатимизда бўлди.

Ушбу ташриф давомида делегация Тошкент шаҳри, Фарғона ва Самарқанд вилоятларида бўлиб,  ўзбек томони билан тиббиёт соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган учрашувларда иштирок этди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги,  Самарқанд давлат тиббиёт университети ва Самарқанд давлат чет тиллар институтида ташкил этилган учрашувларда томонлар  Pflege.uz дастури доирасида “ҳамширалик иши” йўналишида ўқиётган талабаларни бир йил Германияда таҳсил олиши бўйича келишувларга эришди.

ЎзА мухбири Германия делегациясидан икки мамлакат ўртасида тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик ва Pflege.uz  дастури доирасида эришилган келишувлардан кутилаётган натижалар ҳақида интервью олди.

Алексей Свердлов  – Германиянинг “OPASCA GmbH”  компанияси бош директори:    

– Ўзбекистон  ва Германия ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик жуда муваффақиятли ривожланмоқда. Сўнгги бир неча йил ичида кўплаб йирик лойиҳалар амалга оширилди. Икки мамлакат ўртасида тажриба алмашиш, тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш кабилар шулар жумласидан.  

Ҳозирги кунда ўзбекистонлик мутахассислар Германия клиникаларида малака оширмоқда. Шу билан бирга, немис мутахассислари ва профессорлари  Ўзбекистонга келиб, ўз билимлари билан ўртоқлашиш баробарида, бу ерлик шифокор ва олимлар тажрибасини ҳам ўрганади.

Қувонарлиси, биз икки давлат ўртасида ҳамкорлик кўпригини қуришга муваффақ бўлдик. Ушбу ҳамкорлик кўприги бугунги кунда ҳамширалик соҳасида ҳам лойиҳаларни ишлаб чиқиш имконини беради. Германияда бу кадрларга жуда катта эҳтиёж бор. Сўнгги бир ярим йил ичида эса Ўзбекистонда махсус касбий маълумотга эга бўлган ҳамширалар учун немис тилини ўқитиш дастури йўлга қўйилди. Бу таълим давлат клиникаларида немис иш берувчиларининг стандартлари ва талабларига жавоб беради.

Лойиҳамиз Pflege.uz деб аталади. Бу немисча сўз бўлиб, айнан шу касбни англатади. Ҳозирги пайтда айнан шу дастур бўйича Ўзбекистонда бир неча гуруҳлар ташкил этилган бўлиб, уларда “ҳамширалик иши” йўналишидаги мутахассислар ўқимоқда.

Аҳамиятлиси, ўтган бир ярим йил ичида ташкил этилган гуруҳлардан биринчи гуруҳи Германияга ишлаш учун кетаётганидан жуда мамнунмиз. Ушбу ташриф давомида турли учрашувлар бўлиб ўтади. Лойиҳамизнинг кейинги босқичи бу борадаги ишларни янада кенгайтиришдир.

Анастасия Коль  –  Pflege.uz лойиҳа раҳбари:  

– Бу сафар келишимиз билан  “Pflege.uz” дастурини кенгайтиришга қарор қилдик. Дастуримиз эндиликда “2+1” деб аталади, яъни талабалар 2 йил Ўзбекистонда ўқийди, учинчи йилга келиб эса амалиёт ўташ учун Германияга жўнаб кетади. Бу билан улар иккита дипломга эга бўлади. Уларда ҳам хориж дипломи, ҳам Ўзбекистон дипломи бўлади, кейин эса Германияда ишлашга қолади.  

Ташриф доирасида биз 2 та келишув имзоладик. Бири Тошкент тиббиёт академияси, иккинчиси эса Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтидир.  Дастурга асосан талабалар бу йилдан ўқишга қабул қилинади. Яъни, жорий йилда талабаларни саралаш бошланади. Ушбу дастур доирасида биз Германиядаги Фрайбург университети касалхонаси,  Манхайм университети касалхонаси билан ҳамкорлик қиламиз ва талабаларга “OPASCA GmbH”  компанияси томонидан ёрдам кўрсатилади.

Бундан ташқари, улар университет клиникаси ва давлат томонидан ҳам қўллаб-қувватланади. Бунинг самарасида улар муносиб ойлик маошга ва иш тажрибаси билан маошларини ошириш имкониятига эга бўлади.

ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ёзиб олди, 
Дониёр Якубов (видео).