Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун” шиори асосида мустақиллигимизнинг 32 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев давлатимиз раҳбари томонидан прокуратура органлари олдига қўйилаётган масъулиятли вазифалар моҳияти ҳақида тўхталиб, уларни рўёбга чиқариш учун бор имкониятларни ишга солиш лозимлигини таъкидлади.

Йиғилишда прокуратура органларининг фидойи ходимлари фаолияти ҳам давлат томонидан томонидан юксак баҳоланаётгани қайд этилди.

Президентимизнинг 2023 йил 27 августдаги фармони билан прокуратура органлари ходимларининг бир гуруҳи Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди: 14 нафар ходим “Мардлик”, “Дўстлик” орденлари, “Жасорат”, “Содиқ хизматлари учун” ва “Шуҳрат” медаллари билан мукофотланди.

Тадбирда мукофотланганларга ушбу орден ва медаллар тантанали равишда топширилди.

Бундан ташқари, жиноятчиликка қарши курашиш ва қонунийликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ ходимлар Бош прокурор томонидан рағбатлантирилди.

Шу билан бирга, 2022 йил якуни бўйича ўтказилган касбий танловлар якуни ғолиблари тақдирланди. Жумладан, Янгиқўрғон тумани прокурори Қобилжон Аҳмаджанов — «Энг яхши прокурор»,  Бош прокуратура бошқармаси терговчиси Фаррух Бегиев — «Энг яхши терговчи»,  Шайхонтоҳур тумани прокурорининг катта ёрдамчиси Марал Бердиқиличова — «Энг яхши давлат айбловчиси», деб топилди.

Видеоконференция орқали ўтказилган тадбирда Президент Администрацияси масъул ходими, Бош прокуратура, Академия, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, Ҳарбий ва Транспорт прокуратуралари, прокуратура органлари фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда Мажбурий ижро бюроси ходимлари иштирок этди.

             Н.Абдураимова, ЎзА