Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги муносабати билан турли соҳаларда меҳнат қилаётган юртдошларимиз Ватанизнинг юксак давлат мукофотлари билан тақдирланди.

Мустақилликни мустаҳкамлаш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларга қўшган муносиб ҳиссаси, илм – фан, таълим, адабиёт, маданият ва санъат соҳаларини ривожлантиришдаги меҳнати ва ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун фахрий унвонлар билан тақдирланганлардан бир гуруҳига мукофотлар Олий Мажлис Сенатида тантанали равишда топширилди.

Сенат раиси Танзила Норбоева тадбирга йиғилганларни Истиқлол айёми билан муборак этди.

– Мустақиллик – нафақат ўз йўлимизда олға интилиш, балки ўз азму қарорларимизни амалга оширишга имкон берган буюк неъматдир, – деди Т.Норбоева. – Президентимиз раҳбарлигида юртимиз қиёфаси, халқимиз ҳаётида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Жойларда бўлиб, одамлар билан учрашганимизда, уларнинг кайфияти, эртанги кунга ишончи баланд эканига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу, албатта, тараққиётдан, халқ турмуш даражаси яхшиланиб бораётганидан дарак беради. Энг муҳими, Ўзбекистон халқаро ташкилотлар томонидан энг тез ривожланаётган давлат, кўплаб соҳаларда намуна бўлишга арзийдиган мамлакат сифатида эътироф этилаётгани барчамизга улкан ғурур бағишлайди. Бунда эса ўз касбининг устаси ва фидойиси бўлган юртдошларимизнинг ўрни катта.

Сенат раиси мукофотланганларни юксак унвон билан табриклади ҳамда орден ва медалларни ўз эгаларига тантанали равишда топширди.

– Мустақилликдек улуғ байрамимиз арафасида шундай эътирофга сазовор бўлганимдан ниҳоятда мамнунман, – деди “Дўстлик” ордени соҳиби, филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборов. – Бугунги кунда таълим, тарбия, адабиёт соҳасига ҳар қачонгидан ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Муҳтарам Президентимиз деярли ҳар бир чиқиши, нутқида таълим, муаллим, деган сўзларга алоҳида урғу бериб келмоқда. Таълимни тубдан яхшилаш, ўқитувчининг обрў-эътиборини юксалтиришга эътибор қаратилмоқда. Аждодларимиз ҳам ёш авлод тарбиясини миллат тарбияси, деб билган. Ҳақиқатан, миллат, Ватан тараққиёти етишиб чиқаётган кадрларга бевосита боғлиқ. Мана шу соҳанинг бир вакили сифатида эътирофга сазовор бўлганимни таълим соҳасига давлатнинг юксак эътибори, деб биламан. Ҳазрат Алишер Навоий айтанидек, “Нафъинг агар халққа бешакдурур, билки бу нафъ ўзингга кўпракдурур”. Яъни, сен халқинг, миллатинг учун чин кўнгилдан хизмат қиладиган бўлсанг, унга фойда келтирадиган бўлсанг, биринчи навбатда ўзинг фойда кўрасан. Шу маънода хизматларимизнинг эътироф этилиши бизни янги марраларни забт этишга ундайди. Президентимиз жамият олдига қўяётган – Учинчи ренессанс ғоясини амалга оширишга бутун салоҳиятимизни сафарбар этамиз.

Норгул Абдураимова, Алмурод Мамадаминов (расмлар), ЎзА