Қирғиз Республикаси ҳукумати махсус авиарейс билан республика фуқаролари – 95 нафар аёл ва болани Суриядан Ватанга қайтарди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазрлиги матбуот хизмати хабар берди.
– Давлат раҳбари ва Вазирлар Маҳкамаси топшириғига биноан, 2023 йил 30 август куни Суриядан махсус борт билан Қирғизистон фуқаролари бўлган 31 аёл ва 64 бола олиб келинди, – дейилади тегишли баёнотда.
– Мазкур иккинчи босқич репатриацияси “ташқи сиёсат, миллий хавфсизликни таъминлаш, соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот соҳалари, шунингдек, ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари ҳамжиҳатлиги” самарасидир.
Республика ташқи сиёсат идораси “тадбирни муваффақиятли амалга оширишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатгани, логистика жиҳатидан қўллаб-қуввватлагани учун” АҚШ ҳукумати, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Болалар жамғармаси ва Қизил хоч халқаро қўмитасига миннатдорлик билдирди.
Шунингдек, Қирғизистон делегацияси Сурия шимоли-шарқидаги аҳоли эҳтиёжи учун дори-дармон ва бошқа турдаги гуманитар ёрдам етказиб берди.
Жорий йил февраль ойида Суриядан 18 аёл ва 41 нафар бола Бишкекка олиб келинган эди.
ЎзА