«Абдуллажон», «Кичкина табиб», «Бомба», «Ойижон», «Қўрғошин», «Ватан», «Осмондаги болалар»… Таниқли режиссёр, сценарийнавис, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби Зулфиқор Мусоқовнинг шу ва бошқа фильмлари ниҳоятда таъсирчан ва ҳаётийдир. Томошабин уларда баландпарвоз, сохта эпизодлар, ҳашаматли уйлар, бойликка ружу қўйилган ҳаётни учратмайди.
Зулфиқор Жалоловичнинг картиналари ўзи сингари самимий. Қолаверса, бу фильмлар ҳаётни борича, ёлғонлардан холи акс эттиргани учун ҳам қадрлидир. Айнан шу туфайли Зулфиқор Мусоқовнинг кинофильмлари юртимизда ҳам, хорижда ҳам катта шуҳрат қозонган. Режиссёрнинг кўплаб фильмлари Франция, Чехия, Малайзия, Россия, Қозоғистон ва бошқа хорижий мамлакатлардаги нуфузли кинофестивалларда Гран-прига сазовор бўлган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 26 августдаги “Ўзекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат соҳалари ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Зулфиқор Мусоқов «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирланди. Кино ихлосмандлари учун қувончли бўлган бу воқеа муносабати билан ЎзА мухбири ўзбек кино санъати дарғаси билан суҳбат уюштирди.
– Зулфиқор Жалолович, кино санъатига қандай кириб келгансиз?
– Мактабда ўқиб юрган кезларимдаёқ кино санъатига астойдил қизиқиб, унга “ошиқ” бўлиб қолганман. Мен Тошкентнинг эски шаҳар қисмида, “Қорасарой” маҳалласида катта бўлганман. Мактабимиз эса «Қумлоқ» маҳалласида эди. Бир куни «Чувалачи» маҳалласининг ёнидаги кўчада кино олишаётганини кўриб қолдим. Ассистент, яъни режиссёр ёрдамчиси ёнимга келиб: «Болакай, кинода суратга тушишни хоҳлайсанми?», – деб сўради.
Эгнимга эски фуфайка кийдиришди ва мен камерадан 150 метр масофада югуриб ўтдим. Кейин бир ҳафта ўша фильмнинг суратга олиш жараёнига қатнаб юрдим. Ана шу воқеадан сўнг менда кинога қизиқиш пайдо бўлди. Йиллар ўтиб, бу Алексей Германнинг «Урушсиз йигирма кун» номли буюк картинаси эканини билдим.
Кейин ҳаммаси бирин-кетин бошланиб кетди. Дастлаб А.Н. Островский номидаги собиқ Тошкент театр ва рассомчилик институтининг режиссёрлик факультетига ўқишга кирдим. Кейинроқ Москвадаги Сценарийчилар ва режиссёрлар олий курсида ўқишни давом эттирдим.
– Фильмларингиз учун мавзуларни қандай танлайсиз?
– Бу саволга нима деб жавоб беришни ҳам билмайман. Мавзуларни ҳаётнинг ўзи айтиб, кўрсатиб, танлаб беради.
– Фильмларингизга актёрларни танлашда бирон бир мезонлар борми?
– Актёрларни иккита мезон асосида саралаб оламан: юксак профессионализм ва инсоний фазилатлар.
– Зулфиқор Жалолович, куни кеча «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирландингиз. Ўша онларда кўнглингиздан қандай туйғулар кечди? Шулар билан ўртоқлашсангиз.
– 26 август куни кечқурун дўстларим қўнғироқ қилиб, мени табриклади. “Нима муносабати билан?” деб сўрадим. Улар қувончли хабарни етказишди. Умр бўйи ўз ишини бажарган инсонларнинг камтарона меҳнатининг бундай юксак эътирофга лойиқ топилиши ёқимли, албатта. Ушбу мукофот, ҳақли равишда, аввало, мен 17 ёшимда илк маротоба остонасидан хатлаб ўтган қадрдон «Ўзбекфильм» студиясининг катта жамоасига тегишли деб ҳисоблайман.
Ҳозир 65 ёшдаман. Бутун ҳаётим одатий тарзда кечмоқда – уй-иш. 1987 йилдан бошлаб ушбу киностудияда фильмлар суратган олганман. Мамлакатимиз Бош вазири А.Ариповнинг саъй-ҳаракатлари туфайли бугун студиямиз капитал таъмирдан чиқди ва ҳозирда энг юксак талабларга жавоб беради. А.Ариповнинг шахсан ўзлари ҳар шанба куни қурилиш майдончасига ва студиянинг собиқ директори Фотих Жалоловнинг ёнларига келарди. Мен фақат бир нарсани – қадрдон студиямда кўпроқ фильм суратга олишиниши хоҳлайман. Студия ҳатто 90-йилларда ҳам фильмлар олишдан тўхтамаган.
Истиқлол йилларида, яъни 1991 йилдан то бугунги кунга қадар студияда 50 дан ортиқ бадиий фильм суратга олинди. Бунга ўзим гувоҳман. Студия жамоаси ҳатто томдан чакки ўтаётганига қарамай, меҳнат қилди. Студия ўз майдонини цехларга ижарага беришга мажбур бўлган кезлар ҳам бўлди. Бир пайтлар у ерда совун, эшиклар, ҳатто, тобутлар ҳам ишлаб чиқариларди… Бироқ бу ишлар актёрларга ойлик бериш учун қилинган эди. Бу цехлар ёнида эса биз фильм суратга олардик… Бугун эса студиямиз йилига бемалол 10 тагача бадиий фильмни суратга олиш имконига эга. Ўзим учун ҳеч қачон, ҳеч нарса сўрамаганман. Шунчаки бутун ҳаётим ўтган ва мен учун муқаддас бўлган маскан ҳақида қайғураман. Маъзур тутасиз, жўшқин ва баландпарвоз гапларни гапиролмайман. Лекин айтганларимнинг барчаси ҳақиқат!
– Мазмунли суҳбат учун ташаккур!
ЎзА мухбири Н.Усмонова ёзиб олди.