Қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этиш ва мониторинг қилишнинг мутлақо янги, таъсирчан тизими яратилиб, ушбу соҳада Адлия вазирлигига қўшимча ваколатлар берилганлигига 2,5 йил бўлди.

Ўтган вақт давомида қандай ишлар амалга оширилди? Бу саволга Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева жавоб берди:  

— Адлия вазирлиги томонидан қонунлар, Президент фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари ижросини назорат қилиш, масъул давлат органларига ижрони таъминлашда услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.

Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини назорат қилиш учун яратилган “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимида бугунги кун ҳолатига жами 3 минг 631 ҳужжатдаги 107 мингдан ортиқ топшириқ назоратга олинган бўлиб, уларнинг 79 мингдан ортиғи бажарилган. Қарийб 28 мингта топшириқ ижро этилмоқда.

Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси сифати, тезкорлиги ва натижадорлигини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги ва бошқа давлат бошқаруви органлари, шунингдек, барча даражадаги ҳокимликлар томонидан ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича қатор янги механизмлар жорий этилди.

Жумладан, жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб барча бошқарув органлари ва ҳокимликларда Президентнинг назорат топшириқлари ижросини таъминлашнинг “кунбай” календарь жадвали ҳар ойда тасдиқланмоқда.

Жорий йил май ойидан бошлаб вазирликлар ва ҳокимликлар назорат бўлинмаларининг раҳбарлари ҳамда мутахассислари уч кунлик стажировкадан ўтмоқда. Раҳбарлар ва мутахассисларнинг умумий сони жорий йилда 415 кишини ташкил қилади, уларнинг 279 нафари стажирокани якунлади.

Вазирлар Маҳкамасида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ўринбосарларининг ҳамда котибият мудирларининг ҳисоботлари ҳар ойда икки марта эшитилмоқда.

Вазирлар ва бошқа бошқарув органлари раҳбарларининг ўринбосарлари Вазирлар Маҳкамасида мунтазам ҳисобот бериб келмоқда.

Жорий этилган ушбу янги механизмлар ва Адлия вазирлиги киритган амалий шакллар ижобий натижа бермоқда. Ўз вақтида бажарилмаган топшириқлар сони камайди. Ижро муддати ҳали етиб келмаган, жумладан, ижроси йил якунига қадар белгиланган топшириқлардан 395 таси барвақт бажарилди.

Жорий йил июль ойи якунлари бўйича мониторинг қилинаётган 111  бошқарув органи ва ҳокимликларнинг 70 фоизида муддати ўтган бирорта топшириқ мавжуд эмас.

             Н.Абдураимова, ЎзА