Ўзбекистон банклари Ассоциацияси бош директорининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳадия Абдуллаеванинг маълум қилишича, бир фуқаро номидаги иккала пластик картасини битта мобиль иловага киритган. Кейин ижтимоий тармоқлардаги онлайн савдоларнинг бирига кириб, ўша ерда ўзининг шахсий маълумотларини қолдирган. Натижада, фирибгарлар телефонидаги мобиль илова орқали кириб, унга уланган иккала пластикдан ҳам пул ечиб олган.
Афсуски, охирги пайтда пластик картадан пул ечиш ҳолатлари кўп учрамоқда. Ушбу мавзуга доир мурожаатлар ўрганилганда фуқароларимиз ўзлари билмаган ҳолда фирибгарларга имконият яратиб бераётганларига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Масалан, яна бир мурожаатда фуқаро ўзи ўстираётган гулини сотиш учун интернетга эълон беради. Кўп ўтмай унга қўнғироқ бўлиб, гулини сотиб олмоқчилиги, фақат пластик карта орқали тўловни амалга оширишни таклиф этган, сотувчи фуқаро рози бўлади. Кейин телефондаги одам сафарга кетаётгани учун пулни ҳозир юборишини, гулни эса эртага олиб кетишларини айтади. Шунингдек, 400 минг сўмга баҳоланган гул учун жуда ёққанлиги сабабли, 420 минг сўм тўлашини айтади. Бу ҳолатда фуқаро эса соддалик қилиб пластик карта рақамини ва ҳатто паролини беради. Шу куни кечқурунни ўзида унинг пластик картасидаги барча пуллар ечиб олинган.
Шу ўринда яна бир маълумот, пластик карталардан ноқонуний пул ечиш ҳолатлари асосан иш кунлари кечки 18:00 лардан кейин ёки дам олиш кунлари содир бўлмоқда. Яъни, фирибгарлар бу билан вақтдан кўпроқ ютиш, фуқароларни чалғитишни кўзлашади.
Фирибгарлик ҳолатларни бартараф этиш ҳамда шунингдек, онлайн кредитлар олишдаги сохта хабарларга алданмаслик учун ҳам доим тижорат банкларнинг фақат расмий саҳифаларига мурожаат этиш керак.
Агар сиз пластик картангизни йўқотиб қўйсангиз ёки кимгадир билмасдан шахсий маълумотларингизни тақдим этган бўлсангиз биринчи навбатда пластик картангизни таъқиққа қўйишингиз керак. Буни оддийгина телефонингиздаги мобиль иловалар орқали ҳам амалга оширишингиз мумкин. Чунки банкка қўнғироқ қилганда ҳам ёки пластик карта олинган банкка бориш учун ҳам вақт кетади. Мобиль илова орқали тақиқлаганингиздан кейингина банкка мурожаат этиб, кейинги жараёнга киришсангиз бўлади.
Ўзбекистон банклари Ассоциацияси томонидан бу каби ҳолатларни олдини олиш мақсадида 2023 йилнинг август ойида очиқ мулоқотлар ташкил этилиб, тушунтиришлар берилди. Тошкент шаҳридаги маҳаллаларда Киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда пластик карталардан ноқонуний пул ечилишини олдини олиш мақсадида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда тадбирлар ўтказилди.
Жойлардаги очиқ мулоқотларда аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш мақсадда мурожаатларда учраётган аниқ мисоллар орқали тушунтиришлар берилди. Шунингдек, маҳалла фаолларининг мавзуга доир таклифлари ҳам тингланди ва ўрганиб чиқилиши айтиб ўтилди.
Шу ўринда эслатиб ўтамиз, фирибгарлардан эҳтиёт бўлинг. Ижтимоий тармоқдаги турли ҳавола(ссилка)ларга кирманг, мўмай даромад қилиш каби ҳар хил тарғиботларга аралашманг. Ҳеч кимга ўзингизга тегишли маълумотларингизни берманг
Ш.Маматуропова, ЎзА