Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида иккита йирик шифо маскани – Миллий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт маркази барпо этилди.

Давлатимиз раҳбари 2020 йил ноябрда уларнинг қурилишини келиб кўрган, бу ерда қандай имкониятлар бўлиши лозимлиги ҳақида кўрсатмалар берган эди. Муассасалардаги бугунги замонавий шароит ва иш тартиби шунинг амалий ижроси, дейиш мумкин.

Шифо маскани ҳудуди тўрт гектардан ортиқ. Жами бир ярим минг квадрат метр майдонга эга еттита бино барпо этилган. Қурилиш ва жиҳозлашда хорижнинг илғор тажрибасига таянилган. Шу боис архитектураси мукаммал. Шошилинч ёрдам, реанимация, инфекцияли ҳолатлар – барчаси инобатга олинган.

Миллий тиббиёт маркази, бошқа шифохоналардан фарқли равишда, универсал бўлади. Бу ерда жарроҳлик, урология, трансплантология, травматология-ортопедия, гинекология, кардиохирургия, нефрология, кардиология, эндокринология, кардиоревматология, стоматология ва бошқа бўлимлар ташкил этилган. Жами 169 турдаги мингтадан кўп илғор тиббий асбоб-ускуналар ўрнатилган.

Марказ беш юз ўринга мўлжалланган. Амбулатор ва стационар тартибда икки юздан ортиқ тиббий хизмат кўрсатилади. Йилига уч мингдан зиёд, жумладан, аорта-коронар шунтлаш, эстетик-пластик хирургия, артропластика, орган ва тўқималарни кўчириб ўтказиш каби юқори технологик жарроҳлик амалиётларини бажариш қуввати мавжуд. Марказда мамлакатимизнинг олис ҳудудларидаги беморларга масофадан ташхис қўйиш, даволаш имконияти яратилмоқда.

Муассаса фаолиятида Германия, Туркия, Жанубий Корея каби давлатларнинг етакчи клиникалари билан ҳамкорлик қилинади. Чет эллик шифокорлар, ўзимизнинг хорижда малака оширган мутахассисларимиздан иборат жамоа – 250 нафар шифокор, 500 нафар ўрта тиббиёт ходими фаолият олиб боради.

Бундай имкониятларга эга марказ мамлакатимизда биринчиси. Қорақалпоғистон ва вилоятларда фаолият юритаётган кўп тармоқли клиникалар у билан боғланади.

Президент мажмуа ҳудудидаги Республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт марказида ҳам бўлди.

Бу марказ мазкур касалликларни даволаш билан бирга мамлакатимизда оториноларингология йўналишидаги ишларни мувофиқлаштиради. Бу ерда “Юқори нафас йўллари аъзолари физиологияси ва патологияси”, “Эшитиш ва мувозанат аъзолари физиологияси ва патологияси”, “Фониатрия ва ронхопатия” илмий лабораториялари ташкил этилди. Симуляцион амалий лаборатория, жарроҳлик хоналари ва 60 та ўрин-жойлар замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланди.

Давлатимиз раҳбари ушбу марказлардаги қулайликлар билан танишди, шифокорлар билан суҳбатлашди. Соҳа масъуллари билан мулоқотда ушбу марказлар ёнида хорижий тиббиёт институти ташкил этиш, кадрлар малакасини ошириш, касалликлар профилактикасини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.