Нукусда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун” шиори остида ўтказилган “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.

Тадбирда мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, ўзгариш ва янгиланишлар, айниқса, хотин-қизларнинг барча соҳаларда фаол иштирок этаётганлиги, хусусан, тадбиркорлик, ишбилармонлик ва фермерлик соҳасида улкан натижаларга эришаётганлиги, янги иш ўринларини яратишда ўз ҳиссаларини қўшаётганлиги алоҳида эътироф этилди.

Бу йилги кўрик-танловда шаҳар ва туман босқичларида   ғолибликни  қўлга киритган 16 нафар иштирокчи ўзаро  баҳслашди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан ҳар бир иштирокчининг иш фаолияти, билим тажрибаси, экспорт-импорт салоҳияти, маҳсулотлари харидоргирлиги,  яратилган   иш  ўринлари,  ҳуқуқий саводхонлиги, жамоат  ишларидаги  фаоллиги холис баҳоланди.

Биринчи ўринга Нукус шаҳридан Замира Хожаметова муносиб деб топилди. Иккинчи ўринни Кегейли туманидан Сарбиназ Атаниязова, учинчи ўринни Тўрткўл туманидан якка тадбиркор Бибигул Хидирова қўлга киритди.

Ғолибларга диплом ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Довуд Абибуллаев,

Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА