Кўп йиллик кузатишлардан маълумки, Ўзбекистон ҳудудида сел келиш эҳтимоли апрель-июнь ойларида фаоллашади. Аммо, ёғингарчилик ҳолатига қараб йилнинг тўрт фаслида ҳам сел келиш хавфи юқори бўлади.
Сел катта миқдорда тоғ тошлари, қум ва тупроқ жинслари билан биргаликда тоғдан оқиб тушувчи сув оқими бўлиб, мунтазам жала қуйиши, тоғ қорларининг эриши, тоғ сув ҳавзалари, сув омборлари, музлаган сув ҳавзалари қирғоқларининг ўпирилиб кетиши ва бошқа сабаблар натижасида юзага келади.
Мутахассисларнинг фикрича, сел оқимларидан фақат қочиб қутилиш мумкин. Жумладан, сел хавфи тўғрисида ҳабар эшитгандан сўнг дарҳол хавфсиз жойга кўчиш ҳаракатларини қилиш керак. Оқимдан халос бўлишнинг иложи бўлмаса, баландроқ тепалик устига, дарахтга ёки бирор баланд мосламалар устига чиқиш лозим. Одатда сел 3-5 соат давом этиши мумкин.
Сел оқими ўтгандан сўнг девор ва устунларнинг ҳолатини, газ, электр ва сув таъминотининг созлигини текшириш зарур.
Катта ҳажм ва юқори тезликка эга бўлган сел оқими йўлидаги барча биноларни, аҳоли яшайдиган уйларни, гидротехник иншоотларни бузиб, қишлоқ хўжалик экинларини, боғларни пайхон қилади. Одамлар ва ҳайвонларни нобуд қилади.
Мамлакатимиздаги барча тоғ ва тоғ олди ҳудудлар сел хавфи бўлган зоналарга киритилган. Республикамизнинг Наманган, Фарғона, Сурхондарё, Тошкент, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари ҳудудлари сув тошқини – сел хавфи мавжуд ҳудудлардан ҳисобланади.
Сел оқими вужудга келиши асосан апрель ва май ойларига тўғри келади. Сабаби бу даврда тоғ ва тоғ олди ҳудудларда кўп ёмғир ёғиши кузатилган.
Мутахассисларнинг тавсиясига кўра, сел хавфи бўлган ҳудудларда яшовчи ҳар бир киши унинг уйи, хўжалигини сел келиш ҳудудида жойлашганлиги ҳақидаги маълумотга эга бўлиши керак. “Ўзгидромет”, ФВВ/ФВБ, ҳокимиятлар вакиллари томонидан берилган кўрсатмалардаги сел ва сув тошқинидан ҳимоя қилиш йўл-йўриқларига амал қилиши лозим.
Сел оқимининг ўтиши ва унинг оқибатлари катта моддий зарар келтириб, одамлар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдириши мумкин.
Юртимизда сел оқибатларини камайтириш бўйича “Ўзгидромет”, ФВВ/ФВБ вакиллари томонидан аҳоли ўртасида кўплаб тушунтириш ишлари олиб борилади.
Хусусан, доимо сел-сув тошқини рўй бериши эҳтимоли бўлган ҳудудларда жойлашган уй-жойлар ва бошқа объектлар рўйхати аниқланади ва аҳоли ҳамда объектларни муҳофаза қилиш учун ўтказиладиган тадбирларнинг йўл-йўриқлари кўрсатилган тегишли тавсияномалар тарқатилади.
Сел оқими хавфи бўлган жойларда ишлаб чиқариш муассасалари ва уйларни, ишончли муҳофаза иншоотлари бўлмаган ва “Ўзгидромет” билан келишилмаган ҳолда, қуриш қатъиян ман этилади. Сел хавфи юзага келганда кузатув ва хабар бериш хизмати ташкил этилади.
Жумладан, бу борада ёнбағирларда ерга кўндалангига ишлов бериш, тоғ ёнбағирларини поғона-поғона қилиш, тоғ адирларида сув йўллари очиш, ер ҳайдалиб экиладиган экинларни экишга йўл қўймаслик, емирилишга қарши тадбирларни амалга ошириш, дарё ўзанлари, тоғ адирларида ўрмончиликни ташкил этиш ва уларни сақлаш каби агротехник тадбирлар амалга оширилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА