Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан жорий йилнинг 15 августидан 15 сентябрига қадар мамлакатимиз бўйлаб «Янги Ўзбекистоннинг янги кинолари» ойлиги доирасида «Кинокарвон» акцияси ўтказилмоқда.
«Кинокарвон»нинг навбатдаги манзили Марказий ҳарбий округи бўлди. Округнинг Маданият ва маърифат марказида «Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!» шиори остида ўтказилган ижодий учрашувда Ўзбекистон халқ артисти Теша Мўминов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Анвар Азимов, Эгамберди Раҳимов ҳамда бир гуруҳ актёр ва актрисалар иштирок этди.
Учрашувда ўзбек миллий кино санъатидан ўрин олган энг сара ватанпарварлик руҳидаги асарлар, уларнинг яратилиш тарихи, тасвирга олиш жараёнлари ва мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, санъаткорлар машҳур кинофильм ва спекталларда ижро этган ролларидан парчалар намойиш этишди. Ватан ва тинчликни улуғловчи куй-қўшиқлар учрашувга кўтаринкилик улашди.
Учрашув якунида ижодкорларга Мудофаа вазирлиги ва округ қўмондонлигининг ташаккурномалари тақдим этилди.
Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА