Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан шу йилнинг 3 сентябрь куни мамлакатимизнинг 16 шаҳрида “Бир Ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда – бирга югурамиз!” шиори остида ҳаваскорлар ўртасида “Янги нафас” оммавий югуриш мусобақаси ўтказилади.

Кейинги йилларда муҳим саналар ва тадбирлар олдидан анъанавий ўтказилаётган мазкур мусобақа Олий таълим, фан ва инновациялар, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Ёшлар ишлари агентлиги, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ва бошқа ташкилотлар кўмагида енгил атлетика федерацияси томонидан ташкил этилмоқда.

Бугун Самарқанд шаҳрида “Янги нафас” оммавий югуриш мусобақасига тайёргарлик ишларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги бошқарма бошлиғи Санатилла Ғуломназаров, енгил атлетика федерацияси ижрочи директори Шуҳрат Усмонов ҳамда мусобақа ўтказиладиган шаҳарлар ҳокимликлари масъуллари иштирок этди.

Барча ҳудудларда спорт тадбирини ўтказишга фаол тайёргарлик ишлари олиб борилаётгани таъкидланди. Югуриш мусобақалари ўтадиган Тошкент, Нукус, Нурафшон, Гулистон, Андижон, Наманган, Фарғона, Жиззах, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Қоровулбозор, Термиз, Қарши, Ғузор ва Хива шаҳарларида кеча трассанинг тайёрлиги текширилди, таъмирлаш ишлари ўтказилди, мавзуга доир баннерлар тайёрланди, оммавий югуриш мусобақаси иштирокчилари учун кийим формаси ишлаб чиқилди.

Мусобақалар эрталаб соат 06:30 да шаҳарларнинг марказий кўчаларида 3 километр масофага, Тошкентда эса 3 ва 10 километр масофага бошланади.

– “Янги нафас” спорт ҳаракати бу йил янги миқёсга чиқди ва халқаро спорт тадбири мақомига эга бўлди, – дейди Енгил атлетика федерацияси ижроси директори, “Янги нафас” ташкилий қўмитаси аъзоси Шуҳрат Усмонов. – Биз бу қадам билан бирданига бир неча масалани қамраб оламиз – оммавий спортни ривожлантирамиз, югуриш ҳаваскорларини мамлакатнинг туристик салоҳияти билан таништирамиз ва катта спорт тадбирларини ташкиллаштириш борасида тажриба алмашамиз.

Мусобақада Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистоннинг югуриш клубларидан аъзолар фаол иштирок этмоқда. Бу гал Туркманистондан ҳам меҳмонлар келиши кутилмоқда. Умуман, 3 сентябрь куни юртимиздаги 16 шаҳарда 100 мингдан зиёд ҳаваскор югурувчи “Янги нафас”да иштирок этиши кутилмоқда. Самарқанд шаҳрида югуриш мусобақаси “Silk Road Samarkand” кўп тармоқли туризм марказида ўтказилиши режалаштирилган.

Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга масъуллар томонидан батафсил жавоб берилди.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА