Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида янги ўқув йили арафасида мактаб таълимидаги масалаларни муҳокама қилиш ва устувор вазифаларни белгилаб олиш юзасидан ўтаётган видеоселектор йиғилишида таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари мактаб таълими қамровини янада ошириш юзасидан мутасаддиларга қатор топшириқлар берди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига келгуси йилда 50 та, 2025 йилда яна камида 100 та мактабни хусусий шериклик асосида қуриш бўйича инвесторлар билан келишувга эришиб, амалий ишларни бошлаш топширилди.

Умуман, 2030 йилгача ҳар йили 100 тадан мактаб қурилишига хусусий шерикларни жалб қилиш вазифаси қўйилди.

Вазирлар Маҳкамаси ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига бир ой муддатда мактабларга четдан 1 миллиард доллар жалб қилиш бўйича аниқ ҳисоб-китоблар ва лойиҳа таклифларини тайёрлаб, хорижий ва халқаро молия ташкилотлари билан амалий ишларни бошлаш топширилди.

Вилоят ҳокимларига 1 ноябрга қадар демографик ўсиш, аҳоли жойлашуви ва зичлигини ҳисобга олган ҳолда, келгуси йилда янги мактаблар қуриш учун ер участкаларини аниқлаш, Қурилиш вазирлиги билан биргаликда 1 февралга қадар янги мактабларнинг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиб, тендерларни эълон қилиш бўйича топшириқ берилди.

ЎзА