Орол денгизининг қуриган соҳилларида ноёб микроорганизм – артемия цисталари ҳаёт кечиради. Хлорланган, сульфатланган, карбонат ва тузли муҳитда яхши кўпайишга ихтисослашган ушбу тирик мавжудотлар аквамаданият саноати, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тиббиёт ва косметологияда кенг қўлланилади.

Орол денгизи ҳудудларидан артемия цисталарини йиғиб олиш учун экология органлари томонидан квота берилиши ва табиатга зарар етказмаган ҳолда ушбу тирик мавжудот цисталаридан кўрсатилган миқдорлардагина фойдаланиш мумкинлиги белгиланган.

Божхона қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, айрим шахслар томонидан мўмай даромад топиш илинжида ушбу ноёб мавжудотларнинг ноқонуний тарзда Орол денгизи ҳудудидан йиғиб олинаётгани ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Мўйноқ тумани Ички ишлар бошқармаси, Миллий гвардия ва Қорақалпоғистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ходимлари билан ҳамкорликда Қозоғистон Республикаси чегара олди ҳудудлари, Орол денгизи қирғоқларида тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида бир гуруҳ шахслар қиймати 102,9 миллион сўмга тенг бўлган жами 1029 кг. артемия цисталарини хеч қандай ҳужжатларсиз, ноқонуний равишда йиғиб олиб кетаётган вақтида тўхтатиб қолинди. Мазкур ҳолат юзасидан тегишли идоралар томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумотларга қараганда, дунё бозорларида талабгорлиги билан ажралиб турувчи артемия цистаси ишлов берилганига қараб ҳар бир килограмми 40-250 доллар атрофида сотилар экан.

Бугунги кунга келиб Орол денгизи ҳудудларидан жами 45 та тадбиркорлик субъекти квота асосида қонуний равишда артемия цисталарини йиғиш фаолияти билан шуғулланади.

Осонлик билан мўмай даромадга эга бўлиш илинжидаги айрим шахсларнинг юқоридаги каби ноқонуний ҳаракатлари бутун мамлакатимизнинг артемия экспортига салбий таъсирини кўрсатмайди деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. Зеро, белгиланган ҳарорат ва шароитларга амал қилинмасдан сақланиб, транспортировка қилинган маҳсулотларнинг сифати ҳам шубҳа остида қолади.

Мазкур ноқонуний ҳаракат ортидан табиатга етказилган зарар ҳам кам эмас. Соҳа вакиллари томонидан Орол артемияларининг белгиланган қоидаларга зид равишда йиғиб олиниши натижасида атроф-муҳитга қарийб 68 миллион сўм миқдорида моддий зарар келтирилган.

 

ЎзА