Ўзбекистон Республикаси Президенти “Чорвачиликда идентификация қилиш тизими ва наслчилик соҳасини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикасида ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тизимини жорий қилиш икки босқичда амалга оширилади:
биринчи босқич – 2023-2024 йиллар чорвачиликка ихтисослаштирилган 25 та туманда;
иккинчи босқич – 2025-2026 йилларда республиканинг қолган туманларида.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳузурида давлат муассасаси шаклида Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш маркази ташкил этилади.
Марказнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади:
жисмоний ва юридик шахслар томонидан боқиб, кўпайтириладиган ва сақланадиган ҳайвонлар, жумладан, уй ҳайвонларини босқичма-босқич идентификация қилиш ва уларнинг электрон ҳисобини юритиш тадбирларини ташкил этиш;
ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш бўйича ягона миллий маълумотлар базасини мувофиқлаштириш ҳамда реал вақт режимида электрон ахборот алмашинувини таъминлаш;
ҳайвонларни идентификация қилиш ишларига жалб қилинадиган ходимларни ўқитиш ва малакасини ошириб бориш;
ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш тартиб-таомилларини ишлаб чиқиш;
халқаро тажриба асосида ҳайвонларни идентификация қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ушбу қарорда белгиланган туманларда гўшт ва сут маҳсулотларини етиштириш, шунингдек, аҳолидан йиғиб олиш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот шаклида реализация қилиш;
тайёр озуқа ем маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларни аҳолига қулай бўлган ҳудудларда сотиш шохобчаларини ташкил этиш;
аҳоли хонадонларига маҳсулдор наслли молларни етказиб бериш;
чорва молларини сўйиш кушхоналари, териларни қабул қилиш ва қайта ишлаш қувватларини ишга тушириш;
терини қайта ишловчи корхоналар билан биргаликда кооперация асосида теридан тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўналишларни ўз ичига олган чорвачилик кластерлари ташкил этилишини таъминлайди.
2024 йил пахта ва ғалла ҳосили учун режалаштириладиган экин майдонларини қисқартириш ҳисобига озуқабоп экинлар экилиши йўлга қўйилади.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг «Ўзнаслчилик» давлат корхонаси Наслчилик илмий-ишлаб чиқариш маркази этиб қайта ташкил этилади.
Марказ наслдор буқаларнинг уруғини қадоқлашнинг замонавий усулларини кенг кўламда жорий этиш, «AndroVision» CASA дастури асосида сифатли уруғ тайёрлашни йўлга қўйиш;
гўшт ва сут йўналишида наслдор қорамолларнинг эмбрионларини «in vitro» усулида тайёрлаш ва кўчириб ўтказишнинг инновацион лабораториясини ташкил этиш;
наслдор ва спорт отларининг уруғлари ва эмбрионларини чуқур музлатилган ҳолда тайёрлаш технологиясини йўлга қўйиш ҳамда шартнома асосида консалтинг хизматларини кўрсатиш;
иқтидорли ёшлар ҳамда ёш олимларнинг наслдор ҳайвонларнинг уруғи ва эмбрионларини сотиш, сифатли етказиб бериш, илм-фан, илғор тажриба ва технологиялар ютуқлари борасида билим ва амалий кўникмаларини ошириш билан шуғулланади.
ЎзА