«Huawei» ва унинг ҳамкорлари – «CA Distribution» ва «Marvel Uzbekistan» компаниялари билан ҳамкорликда ўтказилган мазкур анъанавий тадбир АКТ соҳасидаги глобал ва маҳаллий тенденцияларни, ҳамкорлик бизнесини ривожлантиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, «Huawei» технологик ечимлари ва Ўзбекистоннинг рақамли трансформациясини жадаллаштириш учун уларни қўллаш имкониятларини муҳокама қилиш мақсадида «Huawei Enterprise» нинг Ўзбекистондаги тизим интеграторлари ва дистрибюторлик ҳамкорларини бирлаштиради.

«Grow Together, Win the Future» шиори остида ўтказилган  саммит соҳа мутахассислари ва мамлакатимизда рақамли кадрлар тайёрлашда ҳамкорлик қилаётган олий таълим муассасалари вакиллари

учун қўшма рақамли лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида маҳаллий IT бозори иштирокчилари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш учун анъанавий платформага айланди.

«Huawei»  компаниясининг Ўзбекистондаги бош директори Чен Цзякай ўз нутқида компаниянинг мамлакатда қулай экотизим яратиш борасидаги ютуқлари ва бизнесни ривожлантириш режалари ҳақида сўзлаб берди.

-Рақамли инфратузилмага инновацияларни жорий этиш, илмий тадқиқот ва ишланмаларга узлуксиз сармоя киритиш, шунингдек, таълим соҳасини қўллаб-қувватлаш Ўзбекистондаги мижозлар ва ҳамкорлар билан АКТ технологияларини турли соҳалар билан чуқур интеграция қилиш учун яқин ҳамкорлик қилиш имконини беради. Бизнинг мақсадимиз рақамлаштиришни жадаллаштириш, рақамли иқтисодиётни рағбатлантириш ва биргаликда ҳаётнинг барча қатламлари учун янги қиймат яратишдан иборат, — деди Чен Цзякай.

Шунингдек,  «Huawei EBG» глобал бўлимининг давлат сектори ечимлари бўйича бош илмий мутахассиси жаноб Хун Ен Кох хорижий мамлакатларда рақамли стратегияларни амалга оширишнинг муваффақиятларига урғу берар экан, унда  БМТнинг электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича глобал рейтингида (69-ўрин) ўринлар юқорилаганини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда электрон ҳукуматни шакллантириш борасида эришган ютуқларини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, рақамли трансформация муваффақиятига тўғри олиб борилган сиёсат, иқтисодий шароитлар, рақамли технологиялардан фойдаланиш ва рақамли саводхонлик каби соҳаларда мамлакатдан мамлакатга фарқ қилувчи кўплаб муҳим омиллар таъсир кўрсатади. Булутли ҳисоблаш, сунъий интеллект, катта ҳажмдаги маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш тизимлари, маълумотларни узатишнинг илғор технологиялари асосида маҳаллий «технологик экотизим» ни барпо этиш ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Тадбирда «Huawei» компанияси билан 3 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келган «Marvel Uzbekistan» компанияси бош менежери Андрей Пак сўзга чиқди. У ҳамкорлик давомида Ўзбекистон бозорининг турли тармоқларида, шунингдек, Мўғулистон, Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатларида қатор лойиҳалар амалга оширилганини таъкидлади.

-«Huawei» билан биргаликда биз жадал инновациялар жараёни билан шуғулланмоқдамиз. Бир қарашда, бу жараёнларда турли экотизим иштирокчиларининг иштироки оддий одамга сезилмаслиги мумкин, бироқ компанияларимиз ўртасидаги ўзаро ёрдам жамиятнинг кундалик муаммоларини ҳал этиш учун Ўзбекистон бозорига энг янги технологияларни илгари суриш жараёнини йўлга қўйиш имконини беради – дея таъкидлади у.

«CA Distribution» компанияси  директори Михаил Циплаков ўз нутқида компаниянинг келгуси йиллардаги устувор йўналиши барча соҳаларда ўз ҳамкорлари – pre-sales ва post sales гуруҳларини техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, қўшма маркетинг тадбирлари ва дастурлари, ҳамкор ходимлар, мижозлар, шунингдек, ёш мутахассислар, энг янги маҳсулотлар учун кўргазмали намуналарни кенгайтириш, тезкор етказиб бериш учун омборларда энг кўп талаб қилинадиган ва муҳим ускуналар мавжудлигини қўллаб-қувватлаш ҳажмини ошириш муҳимлинини қайд этди.

-Биз ҳануз соҳа мутахассисларининг техник тайёргарлиги даражасини асосий вазифа деб биламиз ва ҳамкорларимиз билан келгуси йилларда бу соҳага кўп вақт ва ресурсларни ажратамиз, — дея қўшимча қилди Михаил Циплаков.

Бугунги кунда «Huawei» компанияси бутун дунё бўйлаб 30 мингдан ортиқ корпоратив ҳамкорлар, жумладан, савдо ҳамкорлари, ечим бўйича ҳамкорлар, хизмат кўрсатиш операциялари бўйича ҳамкорлар, истеъдодлар альянслари, сармоявий ва молиялаштириш бўйича ҳамкорлар, саноат ташкилотлари ва саноат ҳамкорлари билан алоқаларни давом эттиради. Бутун жаҳон бозорида «Huawei»  қулай экотизимни яратиш учун ҳамкорларни ривожлантириш, етиштириш, рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш дастурларига сармоя киритишда давом этмоқда.

Шунингдек, компания «Seeds for the Future» ташаббуси орқали маҳаллий рақамли технологиялар истеъдодларини ривожлантиришга, маҳаллий университетлар билан таълим лойиҳаларини амалга оширишга, АКТ танловларини ўтказишга ва АКТ академиялари негизида кадрлар тайёрлашга катта эътибор қаратмоқда. Шундай қилиб, жорий йилнинг сентябрь ойида «Seeds for the Future 2023»  йиллик таълим лойиҳаси бошланади. Унда Ўзбекистоннинг 7 та олий ўқув юртидан 15 нафар талаба иштирок этиши кутилмоқда. Лойиҳа «Huawei»  компаниясининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси кўмагида Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ўтказилади.

Н. Зиёдуллаева,  ЎзА