Нукусда Қорақалпоғистон Республикасида 2023-2024 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, уни беталафот ўтказиш, энергетика ҳамда газ тизимини барқарор ишлашини таъминлаш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларига электр энергияси ва газ ресурсларини етказиб беришда содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича қўмондонлик-штаб ўқув машқи ўтказилди.

Дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида алоқадор вазирликлар, идоралар, ташкилотлар раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 5 июлдаги фармойишига асосан жорий йил 10 июль – 10 август кунлари республикамиз ҳудудида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича “Долзарб 30 кун” тадбири ўтказилди.

Тадбир доирасида ўтказилган ўрганиш ва текширувлар давомида жами 16 минг 246 камчилик аниқланиб, шундан 13 минг 767 таси бартараф этилган. Амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга, бир қатор камчиликлар ҳам аниқланди. Хусусан, ижтимоий-иқтисодий объектлардан соғлиқни сақлаш тизимидаги Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий-амалий маркази Қорақалпоғистон филиали, Шуманай, Мўйноқ, Қораўзак, Тахтакўпир, Беруний, Чимбой туманлари тиббиёт бирлашмалари, Нукус туманида жойлашган Қорақалпоғистон Республикаси Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказларида электр сим ва кабеллари ташқи ҳимоя қобиқларининг электр токига қарши чидамлилик даражаси синовдан ўтказилмаган.

Маданият ва туризм вазирлиги тизимидаги Тахтакўпир ҳамда Қўнғирот туманлари маданият бўлимлари, Амударё тумани “Чойкўл” маданият уйи биноларида ёнғиндан хабарловчи ускуналар (сигнализация) ўрнатилмаган, ёнғин ўчириш қалқонлари меъёр талабларига мувофиқ ёнғин ўчириш анжомлари билан тўлиқ жиҳозланмаган. Шунингдек, “Нукус деҳқон бозори” акциядорлик жамиятида, Қўнғирот, Тўрткўл, Хўжайли, Чимбой, Манғит, Бўстон, Шоббоз “Деҳқон бозори” масъулияти чекланган жамиятларида умумий овқатланиш масканларида суюлтирилган газ баллонларидан фойдаланиш, ёнғин ўчириш техникалари ҳаракатланадиган йўлларни тўсиб қуйиш ҳолатлари аниқланди. “Тахиатош нефть базаси” масъулияти чекланган жамиятига қарашли Элликқалъа, Қўнғирот, Чимбой, Қаратау ҳамда Тўрткўл филиалларида ёнғин ҳақида автоматик равишда хабар бериш қурилмалари носоз, ёнғин ўчириш автомобиллари, ёнғин ўчириш асбоб-анжомлари билан таъминланмаган. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, “Ҳудудгаз Қорақалпоғистон” филиали, “Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти, “Қорақалпоқ сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти раҳбарлари сўзга чиқиб, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳамда юқорида қайд этилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилди.

Қўмондонлик-штаб ўқув машқи давомида Нукус шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳамда хизмат кўрсатувчи ташкилотларда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларига электр энергияси, газ ресурсларини етказиб беришда содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, аҳолини юзага келган вазиятлардан хабардор этиш, жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатиш, аҳолини хавфсиз ҳудудларга тезкорлик билан кўчириш ишларини ташкиллаштириш ва аҳолини тўғри ҳаракат қилишга ўргатиш бўйича зарур кўникмалар берилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА