Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрами арафасида мамлакатимиз бўйлаб “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Жумладан, Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти томонидан Қорақалпоғистон Республикасида Тошкент шаҳридан ташриф буюрган Республика тарғибот гуруҳи вакиллари, санъаткор, шоир ва ёзувчилар иштирокида “Маънавият фестивали” ўтказилди.

Байрам тадбирлари Қорақалпоқ давлат Ёш томошабинлар театрида Мўйноқда юз берган тарихий ўзгаришлар ва янгиланишлар, бунёдкорлик ишларига бағишлаб тайёрланган “Янги Мўйноқ” китоб-альбом тақдимоти билан бошланди. Унда кейинги йилларда юртимизнинг энг чекка ҳудуди Мўйноқ туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий ислоҳотлар ҳақида сўз борди.

Болаларнинг маънавий дунёсини бойитиш, китобга бўлган қизиқишларини ошириш ҳамда одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилишни ўргатиш мақсадида Нукус шаҳридаги 39-сонли мактабгача таълим муассасасида “Менинг илк китоб жавоним” лойиҳаси амалга оширилди. Шунингдек, Ёшлар марказида “Нажот таълимда, нажот тарбияда, нажот билимда” ғояси асосида “Маърифат куни” лойиҳаси доирасида тадбирлар ўтказилди.

Нукус шаҳридан бошланган фестиваль тадбирлари туманларда давом этди. Жумладан, Мўйноқ туманида “Янги Мўйноқ” китоб-альбом тақдимоти, Элликқалъа туманидаги давлат ва жамоат ташкилотлари, корхона ва идораларида маърифат соати, “Инсон қадри” лойиҳаси доирасида фойдали меҳнат билан шуғулланиб, жамиятда муносиб ўрин топган инсонлар билан ёшлар иштирокида давра суҳбати ўтказилди. Шунингдек, Тахиатош туманида илм-фан намоёндалари, маданият ва санъат арбоблари иштирокида “Уч авлод” учрашуви, “Маърифат куни” лойиҳаси доирасида очиқ мулоқот, давра суҳбатлари ва китоблар кўргазмаси, Нукус туманида “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” шиори остида миллий-маданий марказлар форуми, “Оила – маънавият қўрғони” лойиҳаси доирасида вояга етмаганлар ўртасида эрта туғруқ ҳолатлари ва тазйиққа учраган хотин-қизлар билан учрашув ва маданий тадбир ташкил этилди.

Уч кун давомида фестиваль доирасида ўтказилган турли мавзулардаги тадбирлар аҳолини, айниқса, ёшларимизни мустақилликнинг қадрига етиш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларига муносиб ҳисса қўшишдек эзгу ишларга чорлади. Бу борадаги тадбирлар ҳар бир шаҳар ва овулда, маҳаллаларда давом этмоқда.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА