Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда аҳолининг мушкулини осон қилиш, уларнинг кундалик ҳаётида учраётган ҳар қандай муаммоларини жойида бартараф этиш, энг муҳими, бугунги кундан рози бўлиб яшашларини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Буни жойлардаги Халқ қабулхоналари томонидан “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, деган юксак ғоя асосида амалга оширилаётган фаолиятида ҳам кўриш мумкин.

– Жорий йилнинг ўтган ойлари мобайнида фуқаролар томонидан жами 34 минг 224 мурожаат келиб тушди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонаси мудири Салауатдин Худайбергенов. – Шундан 24 минг 24 таси ижобий ҳал этилди. 9 минг 469 мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди. Аҳолидан келиб тушган мурожаатларнинг аксариятида ижтимоий таъминот, бандлик, уй-жой коммунал хўжалиги, ички йўлларнинг яроқсизлиги, қурилиш, соғлиқни сақлаш соҳалари билан боғлиқлиги маълум бўлди. Албатта, ушбу мурожаатларнинг ижросини таъминлашда аҳолининг кундалик ҳаётида учраётган муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этишда жойларда ўтказилаётган сайёр қабуллар муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 2 минг 261 сайёр қабул ўтказилди. Уларда фуқаролар томонидан билдирилган 15 мингга яқин масала тегишли тартибда ўрганилиб, шундан 7 минг 113 таси ижобий ҳал этилди. Масалан, Бўзатов тумани “Бўзатов” шаҳарча фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқароларнинг Президент халқ қабулхонасига ҳудуддаги ичимлик сув, ички йўллардаги носозликлар бўйича йўллаган мурожаати ижобий ҳал этилиб, тоза ичимлик сув тармоғи тортилди, ички йўлларда таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Кегейли туманидаги “Қўнғирот” аҳоли пунктида истиқомат қилувчилар куз-қиш ойларида табиий газ босимининг пасайиб кетишидан қийналиб келарди. Узоқ вақт мобайнида соҳа ва туман раҳбарларига қилинган мурожаат ижобий ечим топмади. Натижада, Президент халқ қабулхонасига мурожаат этишга мажбур бўлди. Мутахассислар томонидан ушбу масала атрофлича ўрганиб чиқилиб, диаметри 89 мм бўлган газ қувури диаметри 189 мм бўлган ўрта босимли газ қувурига уланиб берилгандан сўнг муаммо ижобий ечим топди. Элликқалъа туманида ўтказилган сайёр қабулларнинг бирида Навоий маҳалласида истиқомат қилувчи Атабек Абдуллаев ўзининг балиқчилик соҳасига қизиқишини, хонадони қошида сунъий ҳовуз ташкил этиб, балиқчилик билан шуғулланиш истагини билдирди. Унинг мурожаати ҳам тегишли тартибда ўрганиб чиқилди ва тадбиркорлик билан шуғулланиш учун 250 миллион сўм миқдорида кредит маблағи ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилди.

Бугунги кунда мурожаат эгаси тадбиркорликни йўлга қўйиб, ўзи билан бирга яна 3 нафар кишини иш билан таъминлади. Қораўзак туманидаги 1-сектор ҳудудига қарашли Бердақ овули фуқаролар йиғинида жойлашган қишлоқлар аҳолисининг фарзандлари 7-умумтаълим мактабига ёзда чанг, қишда лой 5 километр масофали йўлдан қатнашга мажбур эди. Аҳоли томонидан билдирилган мурожаатдан сўнг ушбу йўл текисланиб, умумий қиймати 330 миллион сўмлик қум-шағал аралашмаси тўшалди ва янги ўқув йилида ўқувчилар бир текис, равон йўлда ўқишга борадиган бўлди.

Хўш, бугунги кунда халқ қабулхоналари фаолиятидан аҳоли мамнунми? Ушбу саволга жавоб олиш мақсадида фуқаролардан келаётган айрим мактублар ҳамда миннатдорчилик хатлари билан танишамиз.

–Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жойларда фаолият олиб бораётган Халқ қабулхоналари бугунги кунда аҳолининг ҳақиқий таянчи ва суянчига айланган десак, муболаға бўлмайди, – деб ёзади ўзининг миннатдорчилик хатида Элликқалъа тумани “Қирққизобод” овул фуқаролар йиғинидан У.Қурбанова. – Ишсизлик туфайли Россияга вақтинчалик ишлаш учун бориб, муаммоларга учрадим ва овулга қайта олмадим. Мана шундай қийинчилик вақтларида Халқ қабулхонасининг амалий ёрдами билан овулга соғ-омон қайтиб келдим. Халқ қабулхонаси ёрдами билан субсидия асосида тикувчилик цехини ташкил этдим. Ҳозир аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқдаман. Тўрткўл тумани Навоий маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи, 2 гуруҳ ногирони ҳунармандчилик билан шуғулланиш имкониятига эга бўлди. У Халқ қабулхонасининг ёрдамида 20 миллион сўм кредит маблағини олганидан миннатдор. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Энг муҳими, ишсизлик ёки бошқа сабаблар билан ҳаёт йўлида турли қийинчиликларга дуч келган аксарият юртдошларимиз Халқ қабулхоналарининг ёрдами билан ўз фаолиятини йўлга қўйиб, ўзининг ҳамда атрофидагиларнинг бандлигини таъминламоқда. Ҳудудлардаги йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар аҳоли мурожаатлари орқали ижобий ечимини топмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жорий этилган ушбу тизим бугунги кунда ўзини тўлақонли равишда оқламоқда.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА