Маълумки, қалбаки, жумладан, контрафакт маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш нафақат асл ишлаб чиқарувчиларнинг интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузади, балки истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлигига таҳдид солади.

Сабаби, кўпинча озиқ-овқат, маиший, кимё, косметика ва дори-дармон маҳсулотларига осон тақлид қилинган ҳолда қалбакилаштирилади ва ундан нусхалар олинади.

Бундай маҳсулот ишлаб чиқарувчилар бозорда кенг тарқалган, оммалашган, таниқли брендлар ва логотипларни ўз маҳсулотига жойлаштириш ёки шунга монанд ҳолат орқали харидорларни ўзига ишонтиришга ҳаракат қиладилар ва аксарият ҳолларда бунга эришадилар ҳам.

Бу каби маҳсулотларнинг сифати тегишли идоралар назоратидан ўтказилганида улар истеъмолга яроқли ва инсон саломатлиги учун хавфсиз бўлиши ҳам мумкин. Бироқ, уларни ишлаб чиқариш ва сотиш ноқонуний ҳисобланади.

Аммо, контрафактдан ҳали ҳеч бир давлат бутунлай қутулгани йўқ. Лекин, унга қарши курашиш шиддат билан давом этмоқда. Хўш, оргинал маҳсулот ишлаб чиқарувчилар ва машҳур брендлар ўз маҳсулотларининг контрафакт нусхаларига қарши қандай курашмоқдалар?

Бунга мисол қилиб машҳур компаниялардан бири “Дисней” компаниясини кўрсатишимиз мумкин. Бу компания дунёга ўзининг ажойиб мультфильмлари билан танилган. Ушбу мультфильм қаҳрамонлари эса ўйинчоқлар кўринишида компанияга миллиардлаб (АҚШ долларида) фойда келтиради.

Аммо, компания узоқ йиллардан бери Хитойда (бу биргина мамлакат мисолида) ноҳалол тадбиркорлар эвазига даромадининг катта қисмидан айрилиб келади.

Контрафакт ва қалбаки ўйинчоқлар муаммосига ечим қидирган “Дисней” масъуллари, анъанавий усуллар керакли натижага олиб келмагач, харидорлар эътиборини оригинал маҳсулотларга қаратиш учун ажойиб йўл топади.

Мамлакатда йирик маркетинг компанияси бошланади ва унинг доирасида “Дисней” бренди остидаги маҳсулотлар, Гонконгдаги Диснейлендга саёҳатни ютиб олиш имконини берувчи, голографик стикерлар билан чиқарила бошланади.

Бундай имкониятни қўлдан бой беришни истамаган “ўйинчоқсеварлар” эса дўконлардан голографик стикерли – оригинал маҳсулотларни олишни бошлашади.

Ушбу оддийгина схема “Дисней”га сотув ҳажмини кўпайтириш билан бир қаторда сохта маҳсулот сотувчилар ҳақида жуда кўп маълумот олишга ёрдам берди. Сабаби, мижозлар “Дисней” бренди остида аммо стикерлари бўлмаган маҳсулотлар қаерда сотилаётгани ҳақида компанияга аризалар билан мурожаат қилишни бошлайди.

Мана бу йўл бизнинг тадбиркорларимиз учун ҳақиқий мотивация бўла олади.

 

Гулноза Бобоева,  

ЎзА