2023 йил 24 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқ тўртинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.

Дастлаб сенаторлар “Ўсимликларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилдилар.

Таъкидланганидек, қишлоқ хўжалиги ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилишни таъминлаш, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларининг инсон соғлиғига, атроф табиий муҳитга зарарли таъсирининг олдини олиш билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишни янада кучайтириш зарурати мавжуд.

Қонунда махсус ваколатли давлат органи сифатида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасида давлат назорати амалга оширилиши, ўсимликлар карантини давлат инспекторларининг соҳадаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда.

Шунингдек, кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини стандартлаштириш, сертификатлаштириш, тамғалаш ҳамда  ишлаб чиқаришга доир талаблар назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, қонунийлик, тизимлилик ва узлуксизлик, биологик усулни қўллаш устуворлиги, очиқлик ва шаффофлик каби ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги асосий принциплар мустаҳкамланмоқда.

Кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини ишлаб чиқариш, реализация қилиш, қўллаш, ташиш, муомаладан чиқариш,  сақлаш қоидаларига риоя қилишга, шунингдек, яроқсиз ҳолга келган ва қўлланилиши тақиқланган воситаларни зарарсизлантиришга, утилизация қилишга доир талаблар кучайтирилмоқда.

Ушбу қонун кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олишни ҳам назарда тутади. Яъни, қонун давлат минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини ҳисобга олиш ва мониторинг қилишни таъминлайди.

Қонун муҳокамаси жараёнида ҳужжатда белгиланган қоидалар ҳозирги глобал иқлим ўзгариши шароитида мавжуд ўсимлик дунёсини асраб-авайлашга ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига валютани тартибга солишга, ижара ва лизинг муносабатларини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Муҳокама қилинган қонун тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини янада кенгайтиришга, ижара ва лизинг соҳасида фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни самарали тартибга солишга қаратилган бўлиб, унда “Ижара тўғрисида”ги, “Лизинг тўғрисида”ги ҳамда “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

“Ижара тўғрисида”ги қонунга кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага бериш шартномасининг аниқ таърифи киритилиб, шартнома объектини тасарруф этиш ва гаровга қўйиш, шунингдек, ундирувга қаратишнинг ўзига хос хусусиятлари акс эттирилмоқда.

Қонун билан ижарага берувчи ўзига тегишли мол-мулкни кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага бериш шартномаси асосида ижарага берганда ижарага олувчи томонидан шартнома шартлари бажарилганидан сўнг тегишли мулкни ижарага олувчига мулк қилиб топшириш мажбуриятини, ижарага олувчи эса ижара тўловларини шартномада белгиланган муддатларда тўлаш мажбуриятини олиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага бериш шартномаси тузилган пайтдан эътиборан шартномада кўрсатилган мол-мулк гаровга қўйилган ҳисобланиб, уни бошқа шахсларга гаровга бериш ёки бошқача тарзда тасарруф этиш тақиқланмоқда.

Шунингдек, “Лизинг тўғрисида”ги қонунга лизинг шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, шартнома тузилган вақтдан эътиборан шартнома объекти лизинг берувчи томонидан мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш учун лизинг олувчида гаровга олинган ҳисобланиши тўғрисидаги қоида киритилмоқда.

Лизинг берувчи лизинг олувчининг розилигини олмай туриб, лизинг объектини бошқача тарзда тасарруф этиш ҳуқуқига эга эмаслиги белгиланмоқда.

Қолаверса, ундирувни лизинг объектига қаратишдан олдин унинг қийматини лизинг олувчи томонидан тўлиқ тўлаш орқали мулк қилиб олиши мумкинлиги кўрсатилмоқда.

“Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунга янги норма киритилиб, унга кўра, бир экспорт шартномаси доирасида жами етказиб берилган маҳсулот қийматининг 5 фоизидан ошмаган қисми бўйича хорижий валюта тушуми таъминланмаганлиги оқибатида вужудга келган муддати ўтган дебитор қарздорлик учун тадбиркорлик субъектларига нисбатан жарима қўлламаслик назарда тутилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, қонуннинг қабул қилиниши бевосита тадбиркорларнинг экспорт салоҳиятини ва ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, ижара ва лизинг муносабатларида қонунийликни таъминлаш ва фирибгарлик жиноятларининг олдини олиш, шу билан бирга, лизинг муносабатлари субъектлари ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳуқуқий бўшлиқларнинг бартараф этилишини таъминлайди.

Муҳокамалардан сўнг сенаторлар ушбу қонуннинг долзарблиги ва зарурлигини эътиборга олиб, уни маъқулладилар.

Шунингдек, сенаторлар  Сенатнинг қирқ тўртинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига соғлиқни сақлаш органлари фаолияти ҳақида жамоатчиликнинг хабардорлигини оширишга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилдилар.

Мазкур қонун билан “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунга муҳим қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, қонунга кўра халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан ярим йиллик якунлари бўйича тегишинча соғлиқни сақлашни бошқариш ҳудудий органлари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарларининг соғлиқни сақлашни ривожлантиришга оид давлат дастурларининг бажарилиши, касалликлар профилактикасининг ҳолати, соғлом турмуш тарзини ва тўғри овқатланишни шакллантириш, шунингдек, соғлиқни сақлашнинг асосий кўрсаткичлари тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиб борадилар.

Натижада вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси раҳбарларининг ҳисоботидан келиб чиқиб, халқ депутатлари Кенгаши томонидан уларнинг фаолияти самарадорлигига баҳо берилади.

Шунингдек, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунга ҳам фуқаролар йиғинлари томонидан тегишинча аҳоли бириктирилган туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари, оилавий поликлиникалар ва оилавий шифокор пунктлари раҳбарларининг соғлиқни сақлашнинг ҳолати ҳамда фуқаролар соғлиғига таъсир этувчи омиллар, шу жумладан, тегишли ҳудуднинг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги ахборотини эшитишни назарда тутувчи ўзгартиш киритилмоқда.

Сенаторларнинг таъкидлашича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши соғлиқни сақлаш органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга, шунингдек, тиббий хизмат кўрсатишнинг ҳолати тўғрисида аҳолининг хабардорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Мажлисда савол-жавоб ва муҳокамалардан сўнг ушбу қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сенатнинг қирқ тўртинчи ялпи мажлисида “Ер қаъри тўғрисида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.

Бугунги кунда иқтисодиётимиздаги чуқур ислоҳотлар жараёнида заминимиз табиий бойликларидан бир томондан оқилона, табиий-иқлим мувозанатига путур етказмаган ҳолда, иккинчи томондан иқтисодиётимиз юксалиши ва шу асосда халқимиз фаровонлиги ошишини таъминлаган ҳолда фойдаланиш ўта долзарб масалага айланган.

Сенаторларнинг таъкидлашича, қонун устувор мақсадларга эришишга йўналтирилган бўлса-да, унда қатор концептуал даражадаги низоли масалалар мавжуд.

Жумладан, сўнгги йилларда амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлар шароитида республика ижро этувчи ҳокимият органлари қайта ташкил этилди ва уларнинг зиммасига янги вазифалар юкланди. Бугунги кунда амалда бўлган мутлақо янги маъмурий ёндашув нуқтаи назаридан қонунда тугатилган ёки қайта ташкил этилган мутасадди идораларнинг ваколатларига доир моддалар қайта кўриб чиқилиши зарур.

Бундан ташқари, муҳокамалар жараёнида қонунда долзарб аҳамиятга эга яна бир қатор масалалар эътибордан четда қолганлиги айтиб ўтилди.

Қонунда ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини чеклаш ёки тўхтатиб туриш Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси кўрсатмалари асосида ўн кундан ошмайдиган муддатга амалга оширилиши, қоидабузарликларни бартараф этиш ишларини якунлаш билан боғлиқ бўлган алоҳида ҳолларда, ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини тўхтатиб туриш ўттиз кундан ошмайдиган муддатга узайтирилиши мумкинлиги назарда тутилмоқда.

Бироқ, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 42-моддасига асосан фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш ва тақиқлаш фақат суд тартибида амалга оширилади. Яъни, бу каби норма нафақат қонунчиликка, балки янги таҳрирдаги Конституциямизнинг тадбиркорлик фаолияти эркинлиги ва дахлсизлигига оид нормаларига ҳам мутлақо зиддир.

Шунингдек, қонунга ер қаърини “кадастр квадратлар”га бўлиш амалиётини жорий этиш ва “Ягона интерактив геологик портали” бўйича қоидалар киритилмаган.

Ер қаъридан фойдаланишда экологик ва саноат хавфсизлигини таъминлаш, тоғ-кон қутқарув қисмлари ҳамда очиқ нефть ва газ фонтанларининг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича хизматлар фаолияти тартиби белгиланмаган.

Бундан ташқари, мазкур соҳада ишга жойлаштириш ва ўқитишга талаблар, рухсатномалар эгаларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мажбуриятлари назарда тутилмаган.

Юқоридагилар инобатга олиниб, қонунни қайта кўриб чиқиш ва соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳини тузган ҳолда такомилига етказиш мақсадга мувофиқ эканлиги таъкидланди.

Муҳокамалар якунида сенаторлар томонидан қонунни рад этиш юзасидан Сенат қарори қабул қилинди.

Шунингдек, ялпи мажлисда сенаторлар Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини муҳокама қилдилар.

Дастлаб, Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар кўриб чиқилди.

Хусусан, вилоятда 2022 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ) ҳажми 34,8 триллион сўмни ташкил этган ва 2017 йилга нисбатан 2,4 бараварга, шунингдек, аҳоли жон бошига 2,2 бараварга ўсган. Тадбиркорлик субъектлари сони қарийб 2,5 мартага ортган. 2022 йилда 250 миллион долларлик хорижий инвестициялар жалб этилган (ушбу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 14 бараварга ошган).

Таъкидланганидек, жорий йилнинг январь-июнь ойлари давомида ҳудудий бандлик дастури доирасида 254,2 минг киши доимий, вақтинчалик ва мавсумий иш ўринларига жойлаштирилган.

Хоразм вилоятида эса 2022 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 31,9 триллион сўмни ташкил этган ва 2017 йилга нисбатан 2,6 бараварга, шунингдек, аҳоли жон бошига 2,4 бараварга ўсган.

2017-2022 йилларда инвестиция дастурлари доирасида 22,5 триллион сўмлик 8700 дан зиёд лойиҳалар ишга туширилган.

Ушбу даврда туризм соҳасини янада ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар натижасида 19 та йирик савдо маркази, 121 та дам олиш ва соғломлаштириш марказлари ва бошқа туристик объектлар ташкил этилган, туристларга хизмат кўрсатувчи сайёҳлик ташкилотлари сони 5 бараварга ошган.

Муҳокамалар жараёнида сенаторлар амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда мавжуд камчилик ва муаммоларга ҳам эътибор қаратди.

Жумладан, Сурхондарёда ўз вақтида тегишли чоралар кўрилмаганлиги туфайли вилоятнинг Бандихон, Бойсун, Денов, Қизириқ, Қумқўрғон, Музработ, Олтинсой, Сариосиё, Шеробод ва Шўрчи туманларини 2021-2023 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида жами 255 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилмаган.

Хоразм вилоятида 2023 йилнинг биринчи чораги ҳолатига ишсизлик даражаси 9 фоизни ташкил этиб, юқорилигича қолмоқда.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларига ажратилган ресурс маблағларидан фойдаланиш даражаси айрим маҳаллаларда жуда пастлигича қолмоқда. Хусусан, Хонқа, Ҳазорасп, Шовот ва Урганч туманларининг айрим маҳаллаларида жорий йил январь-июнь ойлари учун ажратилган ресурс маблағларининг ўзлаштирилиши 15-45 фоизни ташкил этган, холос.

Бундан ташқари, тўғридан-тўғри инвестициялар ва хорижий кредитларни ўзлаштириш бўйича жорий йилнинг январь-июнь ойлари учун белгиланган прогноз кўрсаткичлари Боғот туманида 13 фоиз, Ҳазорасп туманида 38 фоиз ва Урганч шаҳрида 44 фоизга бажарилган.

Мажлисда маҳаллий бюджет даромадлари ва харажатлари ижроси ҳамда “Ташаббусли бюджет” жараёнларига ҳам эътибор қаратилди.

Хусусан, “Ташаббусли бюджет” тадбирлари доирасида ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилишини ўрганиш юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида аниқланган молиявий хато ва камчиликлар айтиб ўтилди.

Қайд этилган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан қатор таклифлар билдирилди. Жумладан, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларини маҳаллабай ишлаш тизими асосида ўрганиш ва сессияларда танқидий муҳокама қилиш бўйича тавсиялар берилди.

Муҳокама якунида билдирилган фикр ва таклифлар инобатга олиниб, Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Олий Мажлис Сенатининг қирқ тўртинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорини тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Ялпи мажлисда сенаторлар томонидан жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 6 та масала, шу жумладан, 4 та қонун муҳокама қилинди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқ тўртинчи ялпи мажлиси якунланди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ахборот хизмати