Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини 56 давлатга фитосанитария сертификати асосида эксапорт қилиш мумкин.
Жумладан, энг катта харидоргир мамлакат ҳисобланган Хитойга 19, Кореяга 43, Японияга 58, АҚШга 15, Ҳиндистонга 38, Покистонга 27, Эронга 22 турдаги маҳсулот экспорт қилиш мумкин.
Бу маълумотни АОКАда ўтказилган брифингда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ахборот хизмати раҳбари Сабина Садинова маълум қилди.
Экспорт, импорт билан шуғулланувчи тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида талаб этиладиган 6 турдаги қоғоз шаклидаги ҳужжат ўрнига битта электрон ариза қабул қилиниши йўлга қўйилди.
Агентлик ва тадбиркор ўртасида тузиладиган шартномалар юз фоиз онлайн – оферта шаклига ўтказилди.
Рухсатномаларни кўриб чиқиш муддатлари экспортда 10 кундан 1 кунгача, импортда 30 кундан 3 кунгача қисқартирилди.
Мева-сабзавот кластерлари ва уларга бириктирилган фермер хўжаликларининг 200 минг гектарга яқин майдонида етиштирилаётган маҳсулотларни халқаро талабларга мувофиқлаштириш мақсадида Буюк Британия, Франция, Италия, Россия, Туркия каби давлатларнинг халқаро илмий-тадқиқот ташкилотлари билан музокаралар олиб борилди. Натижада ўсимликларни ҳимоя қилишда ҳамкорликда агротехник тадбирлар олиб борилишига эришилди.
Ш. Маматуропова, ЎзА