Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий – амалий тиббиёт марказига Япониянинг Тошкентдаги элчихонаси тиббиёт масалалари бўйича маслаҳатчиси Фукуя Рюта ташриф буюрди.
Марказ директори, профессор Ботир Тожиев ва Япония элчихонаси тиббиёт масалалари бўйича маслаҳатчиси, доктор Фукуя Рюта билан бўлиб ўтган учрашув давомида Ўзбекистон ва Япония мамлакатларида тиббиёт йўналишида олиб борилаётган ишлар ва ҳамкорлик масалалари юзасидан суҳбатлашилди.
Учрашув давомида келгусида юқумли ва паразитар касалликларни замонавий ташхислаш, олдини олиш ва даволаш бўйича икки мамлакат мутахассислари ўртасида узоқ муддатли илмий -амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва тажриба алмашиш масалалари келишиб олинди.
Ташриф давомида доктор Фукуя Рюта марказ мутахассисларининг юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдамидан мамнунлигини билдирди. Марказда олиб борилган тиббий муолажалар жаҳон стандартлари асосида олиб борилаётгани ва юқори тажрибали шифокорларнинг беморларга бўлган эътиборини эътироф этди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА