Мамлакатимизнинг қайси ҳудудига бормайлик, албатта, у ерда катта қурилиш ишларига кўзимиз тушади. Қад ростлаган бир-биридан кўркам ва замонавий бинолар, иншоотларни кўриб, кўзингиз қувнайди.
Шу сабабли, бугун биз кейинги йилларда қурилиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва унинг натижалари ҳақида фикр юритишни афзал кўрдик.
Айнан шу мавзуда тажрибали архитектор Шоқобил Шораҳмедовнинг соҳа вакили сифатидаги кузатувлари, фикрларини билишга қизиқдик.
– Шоқобил Қодирович, ижтимоий тармоқ кузатувчилари сизни қурилиш соҳасидаги кескин танқидий фикрларингиз орқали яхши эслашади. Ўшанда сўзингизни латифа билан бошлагандингиз…
–Халқимиз ҳажвия, аскияларни яхши кўради. Шу сабабли, ўша тадбирда одамларнинг эътиборини тортиш мақсадида айтган эдим. Латифада пианинони нотўғри жойга қўйиш ҳақида сўз боради. Қурилишда, айниқса, шаҳарни режалаштиришда бу каби иш тутмаслик керак, демоқчи бўлганман.
– Қонунчиликка кўра шаҳарсозлик ишлари бош режага асосланиши талаб этилади. Бугунги қурилишлар айнан шу талабларга жавоб бера оладими?
– Очиғини айтганда, қурилишда бош режа муҳим ҳисобланади. Чунки ҳамма иш режали бўлиши зарур. Маслаҳатли тўй тарқамас, дейди халқимиз. Тўғри, мамлакатимизда жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Қурилиш соҳасига оид бир қатор ҳукумат қарорлари қабул қилинди. Ишлаб чиқаришга ва тадбиркорликка кенг йўл очилди. Лекин шаҳарсозлик режаси ҳар хил автомобиллар ҳаракатланувчи катта, гавжум кўчага ўхшайди. Агар улар битта қонунга риоя қилмаса, ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Шаҳарсозлик режаси ҳам худди шундай.
Албатта, яхши жиҳатларни таъкидлаш лозим. Масалан, Тошкентнинг эски, кўримсиз уйлари ўрнида Тошкент Сити барпо этилди. Шаҳарнинг шарқий тарафида яхши массивлар барпо этилаяпти. Лекин қурилишда айрим камчиликлар ҳам бор. Айнан шу камчиликлар бизга ҳалақит беради. Масалан, режалаштирилаётганда ҳамма нарса эътиборга олиниши керак. Масалан, муҳандислик тармоқлари – электр, газ, сув тизими чуқур ўйлаб амалга оширилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки ўтган қиш бунга тайёр эмаслигимизни яна бир бор кўрсатди.
Шаҳар қурилиши турли тадбиркорлар томонидан олиб борилмоқда. Лекин биз шаҳарсозлик талабларга риоя қилишимиз шарт ва зарур. Масалан. Чилонзор туманидаги Ҳамза маҳалласининг кўча юзида офис қуриб қўйилган, ёки сувнинг бўйида машина ювиш шохобчаси бор. Булар шаҳарсозлик талабларига мос келмайди. Мен улар фаолиятига қарши эмасман. Бироқ ҳар бир иш режали бўлса, ҳар қандай ноқулайликларнинг олди олинган бўлар эди.
Тўғри, қурилиш бош режа асосида амал оширилмоқда, лекин айрим жойларда бу талабларга эътибор берилмаётганини ҳам кўриш мумкин. Бу ҳолатлар ҳозир эмас, аксинча, мустақиллик давридан бошланган, эҳтимол бу тажриба йўқлиги билан ҳам боғлиқдир. Лекин ноқонуний қурилишларга чек қўйиш зарур. Ҳар бир қурилиш режа асосида қилинсагина уйларни, кўчаларни тўғри барпо этган бўламиз. Мен истардимки, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ҳам шаҳарсозлик соҳасида Тошкентга берилган урғуни бериш керак.
– Ўзбекистон ўзининг тарихий обидалари билан маълум-у машҳур. Суҳбатимиз бевосита қурилиш билан боғлиқ бўлгани учун тарихий бино ва иншоотларни сақлаб қолишда нималарга эътибор бериш керак?
– Мисол тариқасида Тошкент шаҳрини олсак. Бу шаҳар собиқ тузум даврида ўзига яраша кўринишга эга эди. Афсуски, улар бузилиб кетди. Масалан, Чорсудаги ҳаммом биноси, Геология музейи, Киночилар уйи, Муз саройи, Шимолий вокзалдаги автомобил кўприги бузилиб кетди. Ахир, улар бизнинг тарихимиз эди. Лекин Президентимиз ташаббуси билан Муз саройи, Шимолий вокзалдаги кўприк қайта тикланди.
Албатта, тарихий биноларга эътибор бериш керак. Мен яшайдиган Кўкча маҳалласи 1950 йилларда қурилган. Ўша давр ҳукумат қарори билан рангли металлургияни ривожлантирш учун мўлжалланган кичкина шаҳарча бўлган. Бу ҳаммага андоза бўлиш керак эди. Афсуски, ундан ҳам жудо бўлдик. Ахир, бу бизнинг тарихку?!
Тошкентдаги икки қаватли уйлар бузилди. Лекин Президент қарорида кўримсиз, авария ҳолатига келган бинолар назарда тутилган эди. Ҳукумат ва Президент қарорларини тўғри талқин қилишимиз ва шунга асосан бузиш ишларини эҳтиёткорлик билан ташкил этиш лозим.
Европа мамлакатларида янги бинолар қуриш баробарида эски биноларни ҳам сақлаб қолишга алоҳида эътибор қаратилади. Ана шундай эътибор билан Ўзбекистонимиз тарихини сақлаб қолишимиз керак. Агар сақлаб қолмасак, эртага фарзандларимизга нимани кўрсатамиз?
– Кейинги пайтда юртимиз катта қурилиш майдонига айланди. Боиси, кўплаб иншоотлар, кўпқаватли уйлар қурилмоқда. Тажрибали архитектор сифатида бундай қурилиш жараёнига қандай баҳо берасиз?
– Бугунги кунда қурилиш ҳажми ошиб бормоқда ва бу жараёнда сифат ўта муҳим ҳисобланади. Тадбиркорлар яхши ишлар қилмоқда, лекин уларнинг аксарияти ҳаётида биринчи марта курилишга қўл урмоқда. Бунда катта масъулият борлигини унутмаслик талаб этилади.
– Кадрлар ва мутахассислар салоҳияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– Ўз фаолияти сабаб кўп талабаларни кўрдим. Соҳага келаётган талабаларда интилиш бор, лекин билим даражаси пастроқ. Улар нафақат ўз соҳасида, ҳатто мактаб дастури бўйича берилган саволларга ҳам жавоб бера олмайди. Албатта, бу яхши эмас, чунки кадрлар ҳамма нарсани ҳал қилади. Бизга сифатли, билимли ва профессионал кадрлар керак.
Мамлакатимиз қурилиш институтлари шу жиҳатларга алоҳида эътибор бериши ва Ўзбекистонимиз учун мустаҳкам пойдевор ярата оладиган билимли кадрларни етиштириши зарур.
– Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган қурилиш материаллари сифати талаб ва таклифга мосми?
– Ўринли савол бўлди. Қувонарлиси шуки, мамлакатимизда кўплаб қурилиш материаллари ишлаб чиқарилмоқда. Ўтган даврларда ғишт тақчил бўларди. Бугун эса бунга барҳам берилди. Юртимизда каолин хомашёси кўп. Шу асосда ишлаб чиқарилаётган керамик плиткалар сифати ва арзонлиги билан ажралиб туради.
Яқинда Наманганда бўлдим. У ерда кўплаб цемент ишлаб чиқариш заводлари ишга туширилганини кўриб қувондим. Бироқ қурилиш маҳсулотлари сифати бўйича назоратни кучайтиришимиз керак.
Қурилишнинг асосий уч устуни бор – профессионал кадрлар, сифатли материаллар ва янги технологиялардир. Шу уч устун асосида сифатли қурилишга эришилади.
– Зилзилабардош биноларни қуришда нималарга эътибор бериш керак ва қандай тавсиялар берасиз?
– Туркияда бўлган кучли зилзиладан хулоса қилган ҳолда, мамлакатимизда қурилган биноларни техник кўрикдан ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Масалан, автомобиллар ҳар йили техник назоратдан ўтказилади. Шу каби биноларни ҳам, уларнинг эски ёки янгилигидан қатъий назар, ҳар беш ёки ўн йилда техник назоратдан ўтказилса, мавжуд камчиликларни ўз вақтида бартараф этишда яхши имкониятларни очиб беради.
ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА суҳбатлашди, Дониёр ЁҚУБОВ (видео).