Истиқлол йўлида курашгани учун қатағон қилинган аждодларимиз номини оқлаш борасида Президентимизнинг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинган.
Фармойиш ижросини таъминлаш мақсадида эса Республика ишчи гуруҳи ташкил этилиб, қатағон қурбонларининг номларини тиклаш ва хотирасини абадийлаштириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган эди.
Шу асосда изланишлар кўлами кенгайтирилиб, масъулларга вазирлик ва идораларнинг идоравий архивларидан фойдаланиш имконияти яратилди.
Илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш жараёнида аниқланган, айрим сабабларга кўра реабилитация қилинмаган қатағон қурбонлари номларини оқлаш юзасидан белгиланган тартибда таклифлар киритиш белгиланган.
Олий судда ҳам муайян сабабларга кўра реабилитация қилинмаган қатағон қурбонларининг номларини оқлаш ва уларнинг хотирасини абадийлаштириш масалалари бўйича ишчи гуруҳи тузилди.
Ишчи гуруҳнинг саъй-ҳаракати туфайли ўтган давр мобайнида қатағон қилинган 616 нафар ватандошимиз реабилитация қилиниб, оқланди.
Олий судга Учлик Кенгашининг махсус йиғилиш қарорларига кўра, 1929 — 1931 йилларда ҳозирги Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари ҳудудларида қуролли тўда тузиб, совет ҳукуматига қарши қуролли қўзғолон ёки аксилинқилобий мақсадлардаги ҳаракатларни амалга оширганликда айбланган Ўзбекистон ССР ва Қозоғистон ССР фуқаролари бўлган 240 нафар шахсга оид 5 жиноят иши келиб тушган ва ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилган.
Бош прокурор ўринбосари томонидан мазкур жиноят ишлари юзасидан Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция протестини бериш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномалар ҳамда апелляция тартибида протестлар келтирилди.
Олий судда ўтган очиқ суд мажлисларида ушбу илтимосномалар ва протестлар кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди. Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан жами 5 жиноят иши бўйича 240 нафар шахсга нисбатан Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг оқлов ҳукми чиқарилди.
Н.Абдураимова, ЎзА