Ҳуқуқий муносабат

Маълумки, қонунчиликда ходимнинг ойлик иш ҳақидан ташқари қўшимча моддий ёрдам, ва моддий рағбатлантириш каби имкониятлари кўрсатиб ўтилган. Хўш, бу қандай амалга оширилади? Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Жавоҳир Эшонқулов бу борада батафсил маълумот берди.

–Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирилигининг буйруғи билан тасдиқланган “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги низомга мувофиқ қуйидаги нафақалар берилиши кўзда тутилган.

Жумладан, булар ҳомиладорлик ва туғиш, бола туғилгани, қўшимча дам олиш куни ҳамда дафн этиш маросимлари учун нафақа берилиши мумкин.

Шунингдек, 2007-йил 1 январдан бошлаб вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизларга нафақа тўлаш билан боғлиқ харажатлар, хусусан, бюджет ташкилотлари томонидан меҳнат ҳақи жамғармасига ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида, хўжалик юритувчи субектлар томонидан фойда солиғини ҳисоблашда мазкур харажатлар солиққа тортиладиган базадан чиқариб ташланган ҳолда шахсий маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ушбу низомда нафақа, меҳнат қобилияти тикланган, ногиронлик белгиланган, ҳомиладорлик ва туғиш та’тили тугаган, вафот этган ёки бола туғилган кундан бошлаб, 6 ой муддат ичида мурожаат қилинганда тўланиши, бунда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси, уни олиш учун мурожаат қилинган кунгача бўлган 12 ойдан ошмаган давр учун берилиши белгиланган.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, хусусан, ҳомиладорлик ва туғиш таътили кунлари ходимнинг ишдан ноқонуний бўшатилгани тўғрисида низо кўрилаётган даврга тўғри келган ҳолларда, у ишга тикланган тақдирдагина барча меҳнатга қобилиятсиз кунлар учун нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Нафақа ойига бир марта — ойнинг иккинчи ярми учун бериладиган иш ҳақи билан бирга тўланади.

Шунингдек, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси низомга мувофиқ қуйидаги ҳолларда берилади. Масалан, вақтинча меҳнат қобилиятини йўқотиш билан боғлиқ касалликда, санаторий-курортларда даволанганда, касалланган оила аъзосини парваришлаш зарур бўлганда, карантинда, сил ёки касб касаллиги туфайли вақтинча бошқа ишга ўтказилганда, меҳнат қобилиятини тиклаш ёки ясама аъзо (протез) қўйдириш учун реабилитация муассасаларига ётқизилганда.

–Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини тайинлаш учун қандай ҳужжат асос бўлади?  

–Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини тайинлаш учун фақат белгиланган тартибда берилган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси (касаллик варақаси) асос бўлади.  

Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси йўқолган ҳолларда, нафақа, унинг ўрнига такрорий берилган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси (дубликат) асосида берилади.

–Сил касаллиги оқибатида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақа қанча муддат давомида олиш мумкин?  

-Сил касаллиги оқибатида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақа шахс тўла соғайгунга қадар, лекин кўпи билан 10 ойга берилади.  

Ходим сил касаллиги билан қайта касалланганда ёки сил касаллиги оқибатида ногирон деб топилганда нафақа кўпи билан 6 ойга берилади.

Гулноза Бобоева,ЎзА