Сенатда Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижроси муҳокама қилинди.

Сурхондарё вилоятида 2022 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 34,8 триллион сўмни ташкил этган ва 2017 йилга нисбатан 2,4 бараварга, шунингдек, аҳоли жон бошига 2,2 бараварга ўсган.

Тадбиркорлик субъектлари сони қарийб 2,5 баробар ортган. 2022 йилда 250 миллион долларлик хорижий инвестициялар жалб этилган (ушбу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 14 бараварга ошган).

Жорий йил январь-июнь ойлари давомида ҳудудий бандлик дастури доирасида 254,2 минг киши доимий, вақтинчалик ва мавсумий ишга жойлаштирилган.

Хоразм вилоятида эса 2022 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 31,9 триллион сўмни ташкил этган ва 2017 йилга нисбатан 2,6 бараварга, шунингдек, аҳоли жон бошига 2,4 бараварга ўсган.

2017 – 2022 йилларда инвестиция дастурлари доирасида 22,5 триллион сўмлик 8,7 мингдан зиёд лойиҳа ишга туширилган.

Ушбу даврда туризм соҳасини янада ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар натижасида 19 йирик савдо маркази, 121 дам олиш ва соғломлаштириш марказлари ва бошқа туристик объект ташкил этилган.

Туристларга хизмат кўрсатувчи сайёҳлик ташкилотлари сони 5 бараварга ошган.

Муҳокамалар жараёнида сенаторлар амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда мавжуд камчилик ва муаммоларга ҳам эътибор қаратди.

Жумладан, Сурхондарёда ўз вақтида тегишли чоралар кўрилмагани туфайли 255 инвестиция лойиҳаси ишга туширилмаган.

Хоразм вилоятида 2023 йилнинг биринчи чораги ҳолатига ишсизлик даражаси 9 фоизни ташкил этган. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларига ажратилган ресурс маблағларидан фойдаланиш даражаси айрим маҳаллаларда жуда пастлигича қолмоқда.

Ушбу масала бўйича фикр билдирган Сенат раиси Т.Норбоева бюджет маблағларидан самарасиз ва нотўғри фойдаланиш ҳолатларининг учраётгани жойларда депутатлик ва жамоатчилик назоратининг сустлиги билан боғлиқ эканини қайд этди.

— Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича лойиҳалар асосан республика даражасида молиялаштирилмоқда, – деди Т.Норбоева. — Бу кўп ҳолларда лойиҳалар устидан ҳудудий даражада назоратни амалга ошириш имконини бермаяпти. Давлат бюджетидан ҳудудларда амалга оширилаётган лойиҳалар учун ажратилаётган маблағларни эълон қилиб бориш, яъни шаффофлик амалиёти йўқлиги сабабли ушбу лойиҳалардан жамоатчилик бехабар қолмоқда. Оқибатда нима бўлаяпти? Мисолларга эътибор беринг: Ҳисоб палатаси маълумотларига кўра, 2020 – 2021 йилларда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдонлар учун Сув хўжалиги вазирлиги томонидан субсидия маблағлари тўлаб берилган. Бироқ, ажратилган маблағларнинг мақсадли ва самарали ишлатилиши устидан ҳудудий даражада, яъни туман ғазначилиги, маҳаллий кенгаш ва жамоатчилик назорати ўрнатилмаган. Оқибатда субсидияларнинг қарийб учдан бир қисми (30 фоиз), аниқроғи 315 миллиард сўм  амалда сув тежовчи технологиялар жорий қилинмаган майдонлар учун сарфланган. Ўтган йилда йўл инфратузилмаси учун ажратилган маблағлар доирасида ҳудудларда 822 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари сифатсиз бажарилган. Таҳлил қилиб кўрилса, буларнинг ҳаммаси очиқлик таъминланмаганига бориб тақалади.

Ҳар гал маҳаллий кенгашларни фаол бўлишга, ҳудудда амалга оширилаётган лойиҳалар сифатини назорат қилиб боришга чақирамиз. Ҳудуддлардаги лойиҳаларга ажратилаётган маблағлардан на маҳаллий кенгаш, на ҳудудий ғазначиликнинг хабари бўлмаса, у ҳолда қандай назорат ҳақида гап кетиши мумкин?!

Вазирлар Маҳкамаси, хусусан, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бу масалани жиддий ўрганиши ва самарали ечимини бериши шартлиги қайд этилди.

Камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан қатор таклифлар билдирилди. Жумладан, халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларига янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларини маҳаллабай ишлаш тизими асосида ўрганиш ва сессияларда танқидий муҳокама қилиш бўйича тавсиялар берилди.

Муҳокама якунида билдирилган фикр ва таклифлар инобатга олиниб, Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА