Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг @uza_uz телеграм канали орқали бўлиб ўтган овозли чатда эксперт сифатида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси масъул ходимлари иштирок этди.
Овозли чатнинг навбатдаги қисмида кузатувчилар томонидан берилган саволларга Шерзод Шодмонқулов ҳамда Сардорбек Отамуротовлар жавоб беришди.
— Янги қабул қилинаётган қарор ҳамда фармонларнинг аксарияти истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Бу эса бизнес субъектлари ёки тадбиркорларнинг фаолиятини маълум даражада чеклаб қўяди. Ҳаддан ташқари назорат ўрнатилиши яъни тўлиқ уларни бошқариб турилиши ишлаб чиқарувчилар томонидан эътироз билдирилмайдими?
—Давлат истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида албатта маълум меъёрлар, қоидаларни белгилайди. Бу меъёр ҳамда қоидалар тадбиркорларни бозордан чиқиб кетишига олиб келмаслиги керак. Яъни тадбиркорларнинг барчаси тенг шароитда фаолият юритиб, рақобатлашиб, истеъмолчиларга керак бўлган товарларни етказиб беришлари зарур.
Рақобат тўғрисидаги қонунимиз ҳам тадбиркорларга янада қулайлик яратиш нуқтаи назаридан ишлаб чиқилган. Аввалдан мавжуд яъни тадбиркорлар учун оғир бўлган қонун-қоидалар енгиллаштирилган. Мисол учун бозорда устун мавқе деб эътироф этилиш олдин 35 фоиз улушга эга бўлганидан сўнг белгиланган бўлса, ҳозир 40 фоиз улушга эга бўлганидан кейин биз тадбиркор фаолиятини устун мавқе деб топамиз.
Бундан ташқари тадбиркорларга янада қулайликлар яратиш мақсадида қонунга бир қатор енгилликлар киритилди. Устун мавқега эга бўлиш ёки эътироф этилишидан олдин бизларда 10 минг бараваргача яъни 9 миллиард 900 минг сўмгача маблағи бор тадбиркорлар табиий монополия ёки истеъмолчи субъекти сифатида эътироф этилмайди. Унинг фаолияти монополияга қарши тартибга солинмайди. Агар унинг фаолияти янаям йириклашадиган бўлса ундан кейин тартибга солиш жараёни бошланади. Бу ишлар давлат аралашувини янада қисқартириш мақсадида амалга оширилади.
— Янги таҳрирдаги Рақобат тўғрисидаги қонунда “давлат иштирокидаги корхоналарнинг аффилланган шахслари” деган тушунчалар киритилган. Аффилланган шахслар иборасига кенгроқ тўхталиб ўтсангиз?
— Корхоналар томонидан ташкил қилинган хўжалик юритувчи субъектлар- давлат иштирокидаги корхоналарнинг аффилланган шахслари ҳисобланади. Яъни давлат иштирокидаги корхоналарнинг 25 фоиздан ортиқ улуши бўлса давлат органларида давлат иштирокидаги корхона сифатида эътироф этилади.
Агарда давлат иштирокидаги корхонанинг бошқа тузган корхонасида 20 фоиз ёки ундан кўп улуши бўлса унда бу давлат иштирокидаги корхонанинг аффилланган шахси сифатида эътироф этилади. Давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этишга муайян бир чекловлар белгиланган. Яъни битта бозорда 5 ва ундан ортиқ хўжалик юритувчи субъект бўлса давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил қилиш мумкин эмас.
Н.Раҳмонова, А. Содиқов(видео) ЎзА