Дубай муниципалитети 2030 йилга бориб, тўлиқ қайта ишланган сув таъминотига ўтишни, сувни тузсизлаш ва ушбу жараёнга сарфланадиган электр энергияси сарфини 30 фоиз камайтиришни режалаштираётганини маълум қилди.

Сувни қайта ишлатиш дастури Бирлашган Aраб Aмирликларининг “яшил” иқтисодиёт билан боғлиқ қарашини қўллаб-қувватлайди.

Маҳаллий ОAВ хабарига кўра, айни дам Дубайда сув 90 фоиз қайта ишлатилмоқда. Бу йилига 2 миллиард дирҳамдан зиёд маблағни тежаш имконини беради. Сувни қайта ишлатиш ҳаётий муҳим табиий ресурсни тежаш баробарида тузсизлантиришга кетадиган энергияни тежайди, иссиқхона гази чиқиндисини камайтиради.

Дубай муниципалитети бош директори Доуд Ал Ҳожий сўзларига кўра, ҳукумат анчадан бери сувни тежаш келажак авлод учун жуда муҳимлигини таъкидлаб келади. Сувни қайта ишлаш эндиликда Aмирликни глобал “яшил” иқтисодиёт марказига айлантиришга йўналтирилган саъй-ҳаракатининг муҳим қисмига айланган.

ЎзА