Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 сентябрдаги “Ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабалар томонидан тўланадиган ижара тўловларини қоплаб бериш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2021 йил 1 майдан бошлаб ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ўзига, шу жумладан ота-онаси (қонуний вакиллари)га тегишли бўлмаган уйда ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат олий таълим муассасалари талабаларининг 60 фоизига улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилиши белгилаб қўйилган.
Мазкур қонун эндигина талабаликка тавсия этилганлар учун ҳам амал қиладими?
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълумотларига кўра, талабаликка тавсия этилганлар давлат ОТМларининг талабалар турар жойига жойлашиши учун Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz орқали электрон ариза юборишлари мумкин. Бунда биринчи босқич талабаларидан сентябрь ва октябрь ойлари учун ижара шартномаси талаб этилмайди.
Шунингдек, жорий йилдаги янги тартибга кўра, талабаларга ойлик ижара тўловининг бир қисми ижара суммасидан қатъи назар Тошкент шаҳрида – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари (330 минг сўм), қолган ҳудудларда – базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари (165 минг сўм) миқдорида амалга оширилади.
Ҳар бир олий таълим муассасасида “Талабалар турар жойлари ва ижара хонадонлари бўйича маълумотлар маркази” ташкил этилган бўлиб, унда талабалар турар жойлари ҳамда ижара хонадонлари ҳақида маълумотлар олиш имконияти яратилган. Жорий йилда мазкур марказларимиз ёрдамида талабаларни ўз вақтида турар жой (ётоқхона ёки ижара уйлари) билан таъминланиши назоратга олинган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА