Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш учун очиқлик кенгроқ таъминланишини бугунги кун тақозо қилмоқда.

Айниқса, тизимдаги ҳудудий органлар, бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари фаолияти тўғрисида жамоатчилик хабардорлигини ошириш, шунингдек, мазкур органлар ва муассасалар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш зарур.

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг йиғилишида шу ҳақда гап борди.

Сенатнинг қирқ тўртинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилаётган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига соғлиқни сақлаш органлари фаолияти ҳақида жамоатчиликнинг хабардорлигини оширишга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Қонун билан “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунга халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари томонидан ярим йиллик якунлари бўйича соғлиқни сақлашни бошқариш ҳудудий органлари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитишни назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.

Ҳисоботда соғлиқни сақлашни ривожлантиришга оид давлат дастурларининг бажарилиши, касалликлар профилактикасининг ҳолати, соғлом турмуш тарзини ва тўғри овқатланишни шакллантириш, шунингдек, соғлиқни сақлашнинг асосий кўрсаткичлари қамраб олиниши керак.

Бу билан вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси раҳбарларининг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича халқ депутатлари кенгаши томонидан баҳо берилади.

“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунга эса фуқаролар йиғинлари томонидан аҳоли бириктирилган туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалар, оилавий поликлиникалар ва оилавий шифокорлик пунктлари раҳбарларининг ахборотини эшитишни назарда тутувчи ўзгартиш киритилмоқда.

Бунда соғлиқни сақлашнинг ҳолати ҳамда фуқаролар соғлиғига таъсир этувчи омиллар, шу жумладан, тегишли ҳудуднинг санитария-эпидемиологик осойишталиги ахборотдан ўрин олади.

Қонун соғлиқни сақлаш органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга, шунингдек, тиббий хизмат кўрсатишнинг ҳолати тўғрисида аҳолининг хабардорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Н.Абдураимова, ЎзА