2023-2024 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларини ўтказиш учун республика бўйича 72 та бино танлаб олиниб, мазкур жойлар маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда тест синовларига тўлиқ тайёрланди. Бунда бир сменада 38 минг 220 нафар, бир кунда эса 76 минг 440 нафар абитуриент тест синовида иштирок этиши таъминланди.
Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 2023-2024 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари якунлари юзасидан ташкил этилган матбуот анжуманида айтилди.
Қайд этилишича, тест синовларида иштирок этиши белгиланган 948 минг нафардан зиёд абитуриентдан 888 минг 660 нафари иштирок этди. 59 минг 831 нафар абитуриент эса иштирок этмади.
Абитуриентларнинг 67 нафари ҳудудга киришда, 148 нафари тест синови жараёнида тартиб-қоидани бузгани сабабли тест синовларидан четлаштирилди. Четлаштириш ҳолатларининг аксарият қисми тақиқланган воситалар, жумладан, телефон ва шпаргалка олиб кириш ёки олиб киришга уриниш ҳамда абитуриент ўрнига бошқа шахсларнинг киришга уриниши билан боғлиқ.
Тест синови жараёнида четлаштириш ҳолатларининг 34 таси Самарқанд вилояти, 31 таси Тошкент шаҳри ва 20 таси Фарғона вилояти ҳиссасига тўғри келади. Энг кам қоидабузарлик ҳолатлари эса Қорақалпоғистон Республикасида (1та) ҳамда Хоразм, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида (3тадан) кузатилди.
Тест синовлари тўлиқ видеокузатув остида онлайн трансляция қилинган ҳолда ўтказилди ва абитуриентлар ҳамда уларнинг ота-оналари test2023.uz сайти орқали тест синовларини онлайн кузатиб боришлари мумкин бўлди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА