Маълумки, охирги 5 йилда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 6,2 баробар ошган. 2017 йилдаги 29 миллион доллардан 2022 йилда 181,2 миллион долларга етди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ташқи савдо алоқалари, 2023 йилнинг январь-июнь ойлари учун товар тоифалари бўйича импорт ва экспорт ҳажмларини акс эттирувчи инфографика тайёрлади.

Унда қайд этилишича, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида савдода эркин савдо режими ўрнатилди. Ўзаро савдода божхона тўловлари, солиқлар ва йиғимлар, шунингдек, икки мамлакат ҳудудида ишлаб чиқарилган товарларни экспорт қилиш ёки импорт қилишда миқдорий чекловлар қўлланилмаслигини ҳисобга олсак, экспортчиларимиз мамлакатларимиз бозорларига етказиб бера оладиган товарлар ҳажми ва номенклатурасини кенгайтириш учун қулай шароитларга эга.

Жорий йилнинг 6 ойи якунлари бўйича ўтган йилнинг шу даврига нисбатан Ўзбекистоннинг Озарбайжон билан товар айланмаси 84,6 миллион долларни, экспорт 64,1 миллион долларни, импорт 20,6 миллион долларни ташкил этди.

Жорий йилнинг кўрсатилган даврида Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг умумий ҳажмида Озарбайжон билан савдо улуши: товар айланмаси бўйича 0,3 фоиз, экспорт бўйича 0,5 фоиз, импорт бўйича 0,1 фоизни ташкил этди. 2022 йилда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 2021 йилга нисбатан сезиларли ўсишни кўрсатди. Товар айирбошлаш ҳажми 118,9 миллион доллардан 181,2 миллион долларга 52,4 фоизга ўсди. Экспорт 76 миллион доллардан 131,7 миллион долларга, импорт 42,9 миллион доллардан 49,5 миллион долларга ошди.

2022 йилда Ўзбекистоннинг Озарбайжонга экспорти таркибида асосий товар позициялари: тўқимачилик маҳсулотлари ва гиламлар (экспортнинг 17%); озиқ-овқат маҳсулотлари, мева ва сабзавотлар (13%); тамаки (13%); электротехника маҳсулотлари (12%), шу жумладан, кондиционерлар, телевизорлар, музлатгичлар, электр печлар ва бошқалар; мис сим ва мис қувурлар (11%); транспорт ускуналари ва уларнинг қисмлари (12%); транспорт воситалари учун двигателлар (5%); кимёвий маҳсулотлар (4%), шу жумладан фармацевтика, шунингдек хизматлар (5%)ни ташкил этмоқда.

Озарбайжон импорт таркибида асосий улушни мис рудалари ва мис концентратлар (импортнинг 40%); алюминий (20%); нефть маҳсулотлари ва полимерлар (12%); озиқ-овқат маҳсулотлари (10%), шунингдек хизматлар (5%), асосан транспорт эгаллади.

 

ЎзА