Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллигига бағишлаб Маданият вазирлиги томонидан «Энг яхши қўшиқлар танлови» ўтказилди.
Танловда «Энг яхши қўшиқ» ва «Энг яхши мусиқий асар» йўналиши бўйича 16 ёшдан 35 ёшгача бўлган ижодкорлар бир босқичда иштирок этди.
Мазкур ижодий танловдан кўзланган асосий мақсад ёшларни ватанпарварлик, юрт тақдирига дахлдорлик туйғуларида тарбиялашга ҳисса қўшадиган мусиқий асарлар яратишдан иборатдир.
Танловнинг асосий шарти тақдим этилган мусиқий асар янги бўлиши ва ҳозиргача ҳеч қаерда ижро этилмаган бўлиши керак эди. Шу билан бирга, мусиқий асар мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларини ўзида ифода этган бўлиши керак. Мазкур танловда 50 нафар иштирокчи қатнашди.
«Энг яхши қўшиқ» йўналишида 1-ўринга жиззахлик Жасурбек Ғайбуллаев, 2-ўринга қорақалпоғистонлик Балтабай Базарбаев, 3-ўринга тошкентлик Бобур Ўрозалиев муносиб топилди.
«Энг яхши мусиқа асари» йўналишида 1-ўринга Акмал Сафаров, 2-ўринга Виктор Хандамян, 3-ўринга Шерзод Собиров лойиқ топилди.
Ғолиблар Маданият вазирлиги томонидан тақдирланди.
Н.Усмонова,
ЎзА