Муносабат

Бу йил Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 31 йил тўлди. Ўтган чорак асрдан ортиқ вақт давомида икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқалар жадал ривожланди. Жумладан, айни кунда икки мамлакат ўртасида Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия, шунингдек, 2021 йил февраль ойида ташкил этилган Ишбилармонлик кенгашлари  фаолият олиб бормоқда.

Айниқса, дўстона алоқалар Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг 2021 йил март ойида Ўзбекистонга, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил октябрь ойида Венгрияга қилган расмий ташрифлари доирасида янги босқичга кўтарилди. Хусусан, давлат раҳбарларининг Будапештда бўлиб ўтган учрашувлари якуни бўйича 15 та икки томонлама ҳужжат, жумладан, Стратегик шерикликни ривожлантириш тўғрисида қўшма баёнот имзоланди.

Бундай ҳамкорлик алоқаларининг ривожланиши ўзаро савдо ҳажми ортиши, иқтисодиётнинг турли соҳаларидаги етакчи корхоналар ўртасида икки томонлама ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланишига ҳисса қўшмоқда. Мисол учун, бугунги кунда Ўзбекистонда Венгрия капитали иштирокида ташкил этилган 16 та корхона фаолият олиб бормоқда. Уларнинг 10 таси қўшма корхоналардир.

Хусусан, Венгрия “ОТР” банкининг Марказий Осиёдаги энг йирик бозор бўлган Ўзбекистон банк-молия бозорига кириши мамлакатимизнинг ташқи иқтисодий алоқалари ривожланишида муҳим аҳамият касб этади. Умуман олганда, бу каби ҳамкорлик алоқалари давлат етакчилари даражасида жадал ташаббус қилинаётганлиги келгусида икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий, ижтимоий, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар янги босқичга кўтарилишидан далолатдир.

Жумладан, жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг  Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг таклифига биноан Будапешт шаҳрига қилган ташрифи ва ташриф доирасида эришилган натижалар ҳамкорлик алоқалари барча йўналишларда изчил ривожланиб боришига замин яратади.

Икки кунлик ташриф давомида ўзаро савдо ҳажмини ошириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида ҳамкорликни кенгайтиришга доир қатор учрашувлар ўтказилди. Хусусан, Европанинг етакчи “OTP” банки бошқаруви раиси Шандор Чаньи билан ўтказилган учрашув доирасида саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор тармоқлардаги қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва илгари суришнинг самарали молиявий воситаларидан кенгроқ фойдаланишга келишилди.

Шу билан бирга, Будапешт шаҳрида ўтаётган енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қатар Давлати Амири Тамим бин Ҳамад Ол Соний, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич ва Татаристон Раиси Рустам Минниханов билан суҳбатлашди. Суҳбатларда икки томонлама амалий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги дўстона алоқаларнинг ривожланиши нафақат икки мамлакат, шу билан бирга, икки минтақа давлатлари иқтисодий имконияларидан кенгроқ фойдаланиш учун кенг йўл очиб бермоқда.

 

Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

ЎзА