Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигида “Ўзбекистон ёқилғи-энергетика соҳасида гендер тенглиги” мавзусида халқаро семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Осиё тараққиёт банки ва “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда маҳаллий ва хорижлик соҳа масъуллари, тизимда фаолият юритаётган хотин-қизлар иштирок этди.
Семинар-тренингдан кўзланган мақсад ва ундан кутилаётган натижалар ҳақида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Гендер маслаҳат кенгаши раиси ўринбосари Феруза Ҳожимуродова ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Энергетика вазирлиги томонидан ёқилғи-энергетика соҳасида хотин-қизлар ролини ошириш, уларга кенг имкониятлар яратиш ва халқаро миқёсда ўзаро тажриба алмашишини таъминлашга эътибор қаратилмоқда, –деди Ф. Ҳожимуродова. – Мамлакатимизда ҳам гендер тенглиги масаласи ҳам сиёсий, ҳам ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда.
Ўзбекистонда 2030 йилгача мўлжалланган Гендер тенгликка эришиш стратегияси тасдиқланган. Ушбу ҳужжатда бошқарувда хотин-қизлар сонини кўпайтириш, таълим олишга имконият яратиш, хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ва тазйиққа қарши курашиш назарда тутилган.
Халқаро ташкилотлар кўмагида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича турли дастурлар амалга оширилмоқда. Айни шундай эътибор туфайли кейинги йилларда Ўзбекистонда гендер тенглигини тарғиб қилиш ва энергетика соҳасида аёллар ўрнини ошириш бўйича сезиларли ютуқларга эришилди.
Шунга қарамай аёлларнинг энергетика соҳасидаги иштироки ҳали кам. Маълумотларга кўра, мамлакатимиз ёқилғи-энергетика саноатида хотин-қизлар атиги 8,6 фоизни ташкил қилади. Яъни, ёқилғи-энергетика тармоғида жами ходимлар сони 105 минг 971 нафардан иборат. Шундан 12 минг 238 нафари хотин-қизлар. Тизимда раҳбарлик лавозимларида 309 нафар аёл фаолият юритмоқда.
Айтиб ўтиш керакки, мазкур семинар ОТБнинг Ўзбекистоннинг 2030 йилга қадар гендер стратегиясини амалга оширишга, энергетика соҳасида гендер тенглигини таъминловчи ҳамда сиёсат ўзгаришлари ва инклюзив қарор қабул қилинишини тарғиб қилувчи сиёсат ҳамда меъёрий ҳужжатларни такомиллаштиришга ҳисса қўшувчи “Декарбонизация қилиш учун рақамлаштириш – электр узатиш тармоқларини яхшилаш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Унда гендер институтционал компетенциясини ривожлантириш ва энергетика компанияларида гендер марказлари салоҳиятини ошириш каби мавзуларда ҳам сўз борди.
Лойиҳа доирасида энергетика компаниялари ҳамда таълим муассасалари ўртасида энергетика сектори учун битирувчи қизларни тайёрлаш масалалари, шу билан бирга, уларнинг иш жойларида соғлом муҳит яратиш, хавфсизлик ва инклюзивлик муаммоларига ечим изланади.
Олий Мажлис Сенати, Вазирлар Маҳкамаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки масъуллари, Қозоғистон ва Саудия Арабистони энергетика компаниялари, Ўзбекистон ёқилғи-энергетика тармоғида фаолият юритаётган 50 нафардан ортиқ фаол хотин-қизлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган ушбу мулоқотда энг илғор тажрибалар ҳақида фикр алмашилди.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.