Бугун АОКАда ўтказилган брифингда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Шаҳзода Қўчқорова бу ҳақда маълум қилди.
Ушбу ҳафталикни ташкил қилишдан мақсад мамлакатимизда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга кўмаклашиш, Европа бозорига киришда янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва тўқимачилик маҳсулотлари экспортини кенгайтиришга қаратилган.
– Халқаро тадбир “Германия-Ўзбекистон ҳамкорлиги” лойиҳаси доирасида “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, Германия трикотаж ишлаб чиқарувчилари конфедерацияси (Gesamtmache) ва “Mangold Consulting” томонидан Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилмоқда. Тадбирдан кўзлаган асосий мақсад кичик ва ўрта бизнес вакилларига ташқи бозорга чиқишда кўмаклашиш, ўзбек тўқимачилик саноатидаги ислоҳотлар, инвестиция ва экспорт салоҳияти билан таништириш, бренд ва ритейл компаниялар учун янги ҳамкорлик таклифларини тақдим этиш ва шу билан биргаликда тўқимачилик маҳсулотларини кенг тарғиб қилишдан иборат. Ҳафталик Штутгарт ва Франкфурт шаҳарларида бўлиб ўтади. Унинг доирасида бизнес форумлар, Германиянинг етакчи тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компаниялари, бизнес турлар ҳамда ритейл компаниялари билан В2В учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган. Асосийси, ташриф буюрувчи компаниялар учун ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари мини кўргазмаси ҳам ташкил этилади. Бу форум маҳсулотни етказиб бериш бўйича келишувларга эришишга кўмак беради.
– Форум доирасида янги ташкил этилган Ўзбекистон-Германия “Барқарор пахта” уюшмасининг тақдимоти ва очилиш маросими бўлиб ўтади, –деди брифингда Ш. Қўчқорова.
Ушбу тадбирда 50 дан ортиқ Германия компаниялари иштирок этиш истагини билдирган. Германия тўқимачилик машинасозлиги ассоциацияси вакиллари ҳам ўзбек томони билан ҳамкорликка катта қизиқиш билдирмоқда.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА мухбири