Пойтахтимиз кундан кунга ривожланмоқда. Аҳоли сони ҳам йилдан йилга кўпаймоқда. Бундан ташқари пойтахтга меҳмонга ёки бирор юмуш билан келувчилар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Табиийки, шахсий автомобиллар сонининг кескин ошиши шаҳар кўчаларида тирбандликларни келтириб чиқармоқда.

Иш жойлари шаҳар марказида, яшаш жойи эса шаҳар четида ва марказдан анча узоқда жойлашганини ҳисобга олсак, ўртача 10 км масофани босиб ўтиш учун эрталаб соат 08:00 – 10:00 оралиғида ўртача 30-35 дақиқа сарф этилади.

Тошкентдаги асосий тирбандлик Олмазор метро бекати атрофи, Чилонзор туманидаги катта чорраҳалари, Шифокорлар кўчаси, Юнусобод туманининг “Мега планет” мажмуаси атрофи, Ички ишлар вазирлиги қаршисидаги чорраҳа, Навоий кўчаси, Абай кўчаси, Олмазор ҳокимияти атрофидаги кўчалар, “Халқлар дўстлиги” майдони атрофидаги йўлларда юзага келяпти.

Яна бир маълумот, республикамиз бўйлаб 3 миллиондан ортиқ автомобиллар ҳаракатланади. 2022 йилдаги статистик маълумотларга кўра, пойтахтимиздаги автомобиль транспорти воситалари сони 711 мингтани ташкил этди. Тошкент шаҳри ҳудудига унинг ташқарисидан кунига ўртача 165 мингдан зиёд автотранспорт воситаси кириб-чиқиши кузатилмоқда. Пойтахтимизда жорий йилда бир кунда 720 мингта  автомобиль транспорти воситалари ҳаракатланади.

Бу эса пойтахт йўлларида ҳаракатланишда ноқулайликларни келтириб чиқаради. Биринчидан, атмосферага зарарли газларни чиқарса, иккинчидан тирбандликларни ҳосил қилади. Эндиликда шу каби тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида пойтахтимиздаги автомобиль транспорти воситалари энг кўп ҳаракатланадиган жойларда катта сиғимли автотураргоҳлар қурилиши режалаштирилган.

Пойтахтимиз метрополитени охирги ва серқатнов бекатлари яқинида автотураргоҳлар барпо этиш ишлари бошланди. Бу шаҳарда автомобиллар оқимини ва тирбандликни камайтирадиган тўхташ жойи бўлиши кўзда тутилмоқда. Яъни, одамлар шахсий автомашинасини у ерга қолдириб, жамоат транспортига ўтишлари ва қисқа муддатда манзилларига етиб боришлари мумкин.

Яқинда давлатимиз раҳбарига бу лойиҳалар тақдимот қилинди. Қайд этилганидек, ушбу автотураргоҳлар шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш баробарида одамлар учун қўшимча қулайликлар яратади.

“Toshkentboshplan LITI” лойиҳа-изланиш институти 1 даражали архитектори Умид Файзиев мазкур автотураргоҳларнинг барпо этилиши тўғрисида маълумот берди.

– Тан олиш керак, Тошкент шаҳри ривожлангани сари аҳоли сони, уларнинг фаоллиги ҳам ошиб бормоқда. Буни шахсий автомобиллар кўпайиб бораётганида ҳам кўриш мумкин. Лекин шу билан бирга, шаҳар кўчаларида тирбандлик ҳам ортмоқда. Албатта, ушбу муаммони ҳал этишнинг йўли – жамоат транспортини ривожлантириш, унда юришни автомобиль ҳайдашдан кўра қулай қилиш ҳисобланади. Шу мақсадда Президентимиз кўрсатмасига мувофиқ, Тошкент шаҳрига янги автобус ва электробуслар олиб келинди. Йўловчи ташиш қуввати ошиб, жамоат транспортининг оралиқ вақти қисқарди. Бош режа ишлаб чиқишда бизда асосий муаммо, бу транспорт муаммоларидир. Асосий эътибор Тошкент шаҳрининг марказий қисмидаги тирбандликнинг олдини олишга қаратилган.

Эндиликда шаҳарда тирбандликни камайтириш учун Тошкент метрополитенининг охирги ва серқатнов бекатлари ёнида автотураргоҳлар барпо этиш режалаштирилган. Мақсад – одамлар шахсий автомобилини шу ерда қолдириб, шаҳар ичкарисига жамоат транспортида боришига шароит яратиш.

Шаҳноза Маматуропова, Дониёр Якубов

ЎзА