Муносабат

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг таклифига биноан жорий йил 19-20 август кунлари амалий ташриф билан Будапешт шаҳрида бўлди. 

Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йилдан ошди. Ўтган даврда Венгрия Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий, инновация, ирригация, туризм, таълим ва илм-фан соҳаларида фаол ҳамкорлик алоқаларини ривожлантира олди, ишончли ҳамкорга айланди.

Ташрифнинг моҳияти, истиқболдаги режалар ва ҳамкорлик таҳлили хусусида Тошкент давлат иқтисодиёт университети ходими Шерзод ҚУРБОНОВнинг фикр-муносабатига қизиқдик:

– Охирги олти йилда Ўзбекистон ва Венгриянинг товар айирбошлаш ҳажми уч баробарга ошди. Бундай иқтисодий ютуқлар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Айниқса, Венгриянинг “Нungariсum” дастури доирасида ҳар йили ўзбекистонлик талаба ва докторантлар таълим олиши учун квоталар сони 170 тагача оширилгани, икки томонлама ҳамкорликнинг интеллектуал салоҳиятига мустаҳкам пойдевор бўлмоқда, – дейди Шерзод Қурбонов. – Жумладан, жисмоний тарбия ва спорт соҳаларидаги изланувчиларга “Stipendium Hungaricum” грант таълим дастури тақдим этилгани, Этвош Лоран номидаги илмий-тадқиқот тармоғи билан ҳамкорликда Венгриянинг етакчи илмий муассасалари лабораторияларида илмий стажировкалар йўлга қўйилгани  муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шунингдек, сиёсий соҳаларда ҳам ўзаро ҳамкорлик кўламли кенгайиб бормоқда. Хусусан, 2020 йилдан буён Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Венгрия Миллий мажлиси ҳамкорлигида тузилган парламентлараро дўстлик гуруҳлари самарали фаолият олиб бораётгани фикримиз далили.

Таъкидлаш жоизки, 2020 йилда икки томонлама эришилган келишувларда устувор лойиҳаларни молиялаштириш учун қўшма фонд ташкил этилиши, фақат Венгрия компаниялари учун мўлжалланган алоҳида саноат зонасини яратиш ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан жиҳозлаш амалиёти бугун ўз самарасини берди. Мазкур лойиҳаларга умумий қиймати 1 миллиард доллардан зиёд инвестиция киритиш бўйича  келишув имзоланган.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташриф давомида савдо-иқтисодий ҳамкорликни жадал ривожлантириш, сармоядорларни ўзаро манфаатли лойиҳаларга жалб қилиш мақсадида Венгриянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

Натижада Европанинг етакчи “OTP” банки ва Венгрия ишбилармонлари билан биринчи йирик лойиҳа муваффақиятли амалга оширилди. Буни “Ипотека банк”ни хусусийлаштиришга оид битимда кўриш мумкин. Бундай келишувлар банк-молия соҳасини ривожлантириш, хизматлар сифатини ошириш, бизнес учун инновацион ва арзон маҳсулотларни жорий этишни кенгайтиришда иқтисодий асос бўлади.

Ўзбекистон иқтисодиётининг катта қисмини халқ хўжалигининг турли жабҳалари ташкил этади. Айтайлик, саноат кооперацияси қишлоқ хўжалигининг устувор тармоқларидан бўлиб, жойларда аҳоли учун барқарор иш ўринлари ва даромад манбаига айланмоқда. Ташрифда ана шундай қўшма лойиҳаларнинг реал молиявий воситалари институционал жорий қилиниши белгилаб олинди.

Ҳамкорлик самараси ўлароқ, сўнгги 6 йил ичида Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги савдо сальдоси 2,8 баравардан ошди, тож вирус пандемиясининг салбий таъсирига қарамай, 2020 йилда ҳам ўсиш кузатилди.

2021 йилда эса Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 114,8 миллион, экспорт – 1,1 миллион, импорт – 113,7 миллион долларни ташкил этди. Шу даврда Ўзбекистон товар айланмасининг умумий ҳажмида Венгриянинг улуши 0,3 фоиз, экспорт – 0,01 фоиз, импорт – 0,4 фоизни ҳосил қилди.

2022 йилнинг II, III чорагида эса Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги савдо ҳажми 60,3 миллион доллардан ортди, шундан экспорт – 3,1 миллион долларни, яъни 5 фоизни, импорт – 57,2 миллион долларни яъни, 95 фоизни кўрсатди.

Вeнгрия иқтисодиётига таъриф 

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ходими Шерзод Қурбонов таҳлилини давом эттирар экан, қуйидагиларни таъкидлади:

– Венгрия глобаллашув шароити ва Яқин Шарқда давом этаётган совуқ урушлар оқибатида ҳар қанча тараққий этмасин, 2022 йилнинг иккинчи ярмида ялпи ички маҳсулоти тушиб кетди. Боз устига, инфляция юқори суръатларда ўсди. Чунки иқтисодиёт юқори товар нархлари, заиф ташқи талаб ва қийин молиялаштириш шартларига дуч келди. Олиб борилган самарали иқтисодий кураш натижасида мамлакатда энергия нархининг пасайиши ва кутилаётган инфляция 2023 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб босқичма-босқич тикланишга қараб юз тутди.

Экспорт ҳажми 2023 йилда секинлашиши, аммо 2024 йилда ташқи талабга мувофиқ давом этаётган тўғридан-тўғри инвестиция лойиҳалари томонидан қўллаб-қувватланиши натижасида ижобий кўрсаткичлар қайд этилиши кутилмоқда. Бошқа томондан эса ички талабнинг заифлашиши прогноз даврида импортни ушлаб туриш ва соф экспортнинг ЯИМ ўсишига ижобий ҳисса қўшишини таъминлайди.

Венгрияда сўнгги чораклардаги иқтисодий пасайиш даврида ишчи кучига бўлган талаб барқарор бўлиб қолди ва ишсизлик даражаси 2023 йилнинг I чорагида атиги 4,1 фоизга ўсди. 2023 йилда ўртача 4,2 фоизгача кўтарилиши, кейин эса 2024 йилда 4,0 фоизгача тушиши башорат қилинмоқда.

Бундан ташқари, ЯИМ инфляцияси 2022 йил декабрь ойида мотор ёқилғиси нархлари чегараси босқичма-босқич бекор қилингандан сўнг 2023 йил I чорагида 25,9 фоизга етган. Инфляция даражаси кейинги чоракларда базавий таъсирлар, товар нархининг пасайиши, сўнгги валюта курси ва заиф истеъмол талаби билан боғлиқ. Йиллик ўртача инфляция даражаси 2022 йилда 15,3 фоиз бўлган. 2023 йилда 16,4 фоизгача ўсиши ва кейин 2024 йилда 4,0 фоизга тушиши кузатилмоқда.

Мухтасар қилиб айтганда, мамлакатимизнинг иқтисодий ҳамкори Венгрия юритаётган оқилона иқтисодий сиёсат юқорида қайд этилган хавотирларни асоссизлантиради ва мамлакатда ижтимоий-иқтисодий, озиқ-овқат хавфсизлигини сақлаш ва демографик муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради.

Қўшма корхоналар халқаро обрў 

Бугунги кунда Ўзбекистонда Венгрия капитали иштирокида 16 та қўшма корхона ташкил этилган. Венгриянинг “Bonafarm”, “KITE”, “Meditop”, “Gedeon Richter”, “MOL Group” каби етакчи компаниялари билан энергетика, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тиббий асбоб-ускуналар ва пластмасса маҳсулотларини ишлаб чиқариш саноатида инвестиция лойиҳалари шакллантирилмоқда.

Ҳар доим озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ҳосилдор уруғчиликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Тошкент вилоятида Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар университети билан ҳамкорликда картошкачилик бўйича Ўзбекистон – Венгрия илмий маркази ташкил этилган. Мазкур илмий марказда Венгрия навларини синовдан ўтказиш, уруғлик картошка етиштириш борасида илмий тадқиқотлар олиб борилаётгани қувонарли.

Музокараларда реал келишувлар 

Олий даражадаги учрашувларда пул-кредит сиёсатида тажриба алмашиш ва банклар фаолиятини интеграциялаштириш, шунингдек, инвестиция, қишлоқ хўжалиги ва ахборот технологиялари каби соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Расмий ташрифнинг яна бир энг муҳим қисми Будапешт шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг учрашуви бўлди.

Икки туркий давлат ўртасидаги кенг қамровли стратегик шерикликнинг жадаллашуви мамлакатлар иқтисодий сальдосида муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, Ўзбекистон – Туркия ўртасида ўзаро товар айирбошлаш кўрсаткичлари юқорилаб бораётгани, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим кучга киргани ва қўшма корхоналар сони 2,5 мингдан ошгани алоҳида қайд этилди.

Мазкур рақамлар бизга оддийдек туюлиши мумкин, бу ерда 2,5 мингта ишчи эмас, икки ярим мингта қўшма корхона ҳақида гап боряпти. Бу, ўтган олти йилда Ўзбекистон – Туркия кенг қамровли иқтисодий шерик сифатида бир-бирини қўллаб келганини кўрсатади.

Музокаралар давомида Ўзбекистон – Венгрия – Туркия давлат раҳбарлари минтақадаги бозорларга маҳсулотлар етказиб беришни янада кенгайтириш, саноат кооперациясини кучайтириш, фармацевтика, кимё, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, балиқчилик, картошкачилик ва бошқа соҳаларда венгр тажрибасидан фойдаланган ҳолда аниқ лойиҳаларни амалга оширишга доир чора-тадбирларни белгилаб олди.

Бундай амалий учрашувлар халқларимиз турмуш тарзини бундан-да яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш, бозорларимизни кенгайтириш, таълим-фан соҳаларида кадрлар тайёрлашни самарали ташкил этиш ва иқтисодий иттифоқдошликни барқарор сақлашга хизмат қилади.

ЎзА мухбири

Абдулазиз РУСТАМОВ

ёзиб олди.