Шу йилнинг 21-25 август кунлари Роттердам (Нидерландия) шаҳрида бўлиб ўтаётган Халқаро кутубхоналар ассоциациялари федерацияси (ИФЛА)нинг 88-Бош конференцияси ва ассамблеясида Ўзбекистон Миллий кутубхонасидан директор Умида Тешабоева бошчилигидаги делегация иштирок этмоқда.

Мазкур халқаро тадбир жаҳондаги кутубхоналар, ахборот марказлари, нашриётлар, китоб савдоси ва обуна агентликлари, таълим муассасалари, музейлар, архивлар директорлари ва мутахассислари учун мўлжалланган нуфузли конференциядир.

Конференция доирасида турли танлов ва тадбирлар ўтказилмоқда. Хусусан, “Poster competition”  («Постерлар танлови») ўтказилди. Ушбу Постерлар танловида дунёдаги 1000 дан ортиқ ахборот-таълим муассасалари иштирок этиб, улардан 120 га яқини танловда ғолиб бўлди.

Жумладан, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳам мамлакатимизда китобхонликни ривожлантириш ва  тарғиб этишда амалга оширилган лойиҳаларнинг тақдимотини ўтказди ва ғолиблар сафидан жой олди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ахборот хизмати хабар қилмоқда.

 

Н.Усмонова,  

ЎзА