Замонавий тиббиётни ҳамшираларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Энг илғор технологияларга асосланган амалиётларни ўтказишдан тортиб, операциядан кейинги бемор парвариши, лаборатория диагностика соҳаси, шошилинч ва тез тиббий хизмат йўналишлари, бир сўз билан айтганда сифатли ва кафолатланган тиббий хизмат кўрсатишда ушбу касб эгаларининг ўрни беқиёс. Шу боис, мамлакатимизда олиб борилаётган тиббий-ижтимоий ислоҳотлар жараёнида ҳамширалик ишини жаҳон талаблари асосида такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 20 июндаги тегишли қарорида Чилонзор туманидаги Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми негизида тиббиётимиз тарихида илк бор Ҳамширалар академияси ташкил этилиши белгиланган эди. Шундан сўнг мазкур янги муассасада Туркиянинг Соғлиқ билимлари университети ҳамширалик иши факультетини очиш бўйича ушбу давлат Президенти томонидан ҳам тегишли қарор қабул қилинди.

Шу ўринда савол туғилади: хўш, бу йўналишда халқаро ҳамкорлик учун нега айнан Туркия танланди?  

Гап шундаки, бугун мазкур мамлакат тиббиёти дунёда энг етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Айниқса, юқори технологик операциялар, шошилинч тиббий ёрдам, тиббий таълим ва рақамли тиббиёт каби қатор йўналишларда ушбу юртдан ўрганадиган жиҳатларимиз кўп.

Шу сабабдан айни пайтда икки давлат соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида илғор таълим стандартлари асосида етук ва малакали ҳамширалар тайёрлаш, уларни ўқитиш ва малакасини ошириш йўналишида қатор лойиҳалар изчил амалга ошириляпти. Бунинг натижасида ўзбек ҳамширалари мазкур мамлакатнинг етакчи илмий ва тиббиёт марказларида тажриба орттириб, ўз билим ва малакаларини юртимиз тиббиёт тизимини янада ривожлантиришга йўналтирмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати тақдим этган маълумотларга кўра, ана шундай эзгу ишларнинг давоми сифатида сўнги бир ойда реанимация ва анестезиология, жарроҳлик амалиётлари йўналишлари бўйича 20 нафар ўзбекистонлик ўрта тиббиёт ходимлари Туркия давлатига малака ошириш учун юборилди. Самарқанд, Андижон, Навоий, Сирдарё ва Бухоро вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси тиббиёт муассасаларида фаолият олиб бораётган мутахассислар сафар давомида Анқарадаги Билкент шаҳар касалхонасида бўлиб, у ердаги даволаш жараёнлари билан яқиндан танишди.

Бугунги кунда мазкур шифохона дунёда катталиги бўйича учинчи ўринда, Евросиё минтақасида эса биринчи ўринда туради. Марказ етти корпусдан иборат бўлиб, нейрохирургия ва ортопедия, қон томирлар, куйишлар, гинекология, онкология ва шошилинч ёрдам каби бўлимларда 4 минг 50 та ўрин-жой, 3 минг 240 та палата ташкил этилган. Қолаверса, муассасада 131 та жарроҳлик хоналари мавжуд бўлиб, бу ерда йилига 150 мингта мураккаб жарроҳлик ва ноёб операциялар ўтказилади. Айни пайтда шифохонада 2 минг 982 нафар шифокор ва 5 мингдан ортиқ ҳамшира фаолият кўрсатмоқда.

Сафар давомида дастлаб ўзбек ҳамширалари гуруҳларга бўлинган ҳолда замонавий, анъанавий, лапароскопик ва эндоскопик операцияларда қатнашиб, тажрибаларини орттирди.

Ҳамшира Парвина Руфиева малака ошириш давомида жуда кўп янги билимларга эга бўлганини айтади.

– Тиббий жиҳозларни бирламчи ва иккиламчи стерилизация қилиш, беморларни жарроҳлик амалиётига тайёрлаш, операция даври ва амалиётдан сўнг реабилитация жараёнлари бўйича етакчи мутахассисларидан соҳа сир-асрорлари ўзлаштирдик, – дейди П.Руфиева. – Бундан ташқари беморларни даволаш, замонавий тиббий жиҳозлардан фойдаланиш ва уларни қўллаш борасида ҳам зарур билимларга эга бўлдик.

Тажриба алмашиш жараёнлари назарий ва амалий қисмларни ўз ичига олиб, бу эса ўзбек ҳамшираларининг касбий малакасини янада оширишга хизмат қилди. Қувонарлиси, эндиликда улар ўрганган амалий кўникма ва билимларни ўзлари фаолият олиб бораётган тиббиёт муассасаларидаги ҳамкасбларига ўргатиш орқали тиббиётимиз ривожига ҳисса қўшади.

– Уларнинг иш тартиби, кўникмалари, қўлланмалари, шарт-шароитлари барчаси биз учун янгилик бўлди. Ўрганганларимизни нафақат ўзимизнинг вилоятимизда, балки бошқа вилоятларда ҳам татбиқ этишга тайёрмиз, –  дейди Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси катта ҳамшираси Севара Алмамедова.

Таъкидланганидек, хориж мамлакатлари билан ҳамширалар тайёрлаш ишлари эндигина бошланди ва бу жараёнлар бундан кейин ҳам мунтазам давом этади.

 

Моҳигул Қосимова,  

ЎзА