Ижтимоий тармоқларда олий таълим муассасалари томонидан талабалардан ортиқча ҳужжатлар талаб қилинаётгани ҳақидаги маълумотлар тарқалмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 мартдаги “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва 2021 йил 24 июлдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонларига асосан аҳолидан айрим ҳужжатлар ва уларнинг нусхасини талаб қилиш бекор қилинган.

Жумладан, шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхасини, шахснинг белгиланган шаклдаги фотосуратини, жисмоний шахс томонидан ўрта махсус, профессионал (касб-ҳунар) таълим муассасаси ёки умумий ўрта таълим муассасаси (11-синф негизида) тугатилганлигини, кам таъминланган оила ёки оила аъзоси сифатида рўйхатга олинганлигини  тасдиқловчи маълумотлар  (ҳужжатлар) ни ҳамда солиқ тўловчи жисмоний шахсларнинг давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилганлигини тасдиқловчи маълумотларни (СТИР), олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзга эга бўлган абитуриентларнинг имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат тўғрисида маълумотларни талаб қилиш бекор қилинган.

Адлия вазирлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича,  ушбу ҳужжат ва маълумотларнинг талаб қилиниши давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузиш деб ҳисобланади. Ушбу ҳужжатларни талаб қилган давлат идоралари жавобгарликка тортилади.

Н.Абдураимова,

ЎзА