Фармацевтика саноати соғлиқни сақлаш тизимининг муҳим таркибий қисмларидан бири бўлиб, ушбу соҳанинг ривожланиш даражаси аҳолининг ҳаёт сифати кўрсаткичларига бевосита таъсир қилади. Ўзбекистон фармацевтика бозорида ўз ўрнига эга бўлган “Дори-Дармон” акциядорлик компанияси ҳам аҳоли саломатлиги йўлида юртимиз бозорига сифатли, ишончли ва арзон дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмларини олиб кираётган, улгуржи ва чакана савдо билан шуғулланувчи ташкилот саналади.

Миллий матбуот марказида ўтказилган анжуманда компания томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.

– Тизимда 1 август ҳолатига кўра, 1747 та ижтимоий дорихона ва дорихона шохобчалари фаолият юритади, – дейди “Дори-Дармон” акциядорлик компанияси бошқарув раиси ўринбосари Абдуғани Комилов. –  Ушбу дорихоналарнинг 1143 таси ёки 65 фоизи қишлоқ ҳудудларида жойлашган. Шунингдек, махсус жиҳозланган автомобилларда 95 та кўчма дорихона ташкил этилган. Бу кўчма дорихоналар маҳаллий ҳокимиятлар билан келишилган жадвал асосида республикамизнинг чекка ва дорихона мавжуд бўлмаган ҳудудларидаги аҳолига керакли дори воситалари ва тиббий буюмларни етказиб беради.

Таъкидланганидек, “Дори-Дармон” акциядорлик компанияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари турли тизимдаги даволаш-профилактика муассасаларининг асосий таъминотчисидир. Хусусан, 2023 йилнинг олти ойи давомида Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли даволаш профилактика муассасаларига 83,6 млрд. сўмлик, бошқа даволаш профилактика муассасаларига 14 млрд. сўмлик, хусусий секторга 32,1 млрд. сўмлик, ҳарбий даволаш муассасаларига 9,3 млрд. сўмлик, ҚВП ва ҚОПларга 39,3 млрд. сўмлик дори воситалари ва тиббиёт буюмлари етказиб берилган.

Давлат буюртмаси асосида хорижлик ҳамкорлар билан шартномалар имзолаган ҳолда, 2020 йилда 1 300 000 доза, 2021 йилда 3 668 000 доза, 2022 йилда 2 347 000 доза гриппга қарши вакцина олиб келинган. Жорий йилда ҳам 2 100 000 доза вакцина олиб келиш режалаштирилган. Бундан ташқари, компания томонидан 2022 йилда 955 145 флакон, 2023 йилнинг 6 ойида 422 917 флакон инсулин кирим қилинган.

Имтиёзли таъминланиш ҳуқуқига эга бўлган беморларга компания тизимидаги дорихоналар орқали 2022 йилда 523 минг 915 та рецепт орқали 27,1 млрд. сўмлик, жорий йилнинг 6 ойи давомида 233 минг 83 та рецепт орқали 12,3 млрд. сўмлик дори воситаси ва тиббиёт буюмлари бепул берилди.

Компаниянинг 2023 йил олти ойи давомида умумий товар айланмаси 371,2 млрд. сўмни, шундан улгуржи товар айланмаси 262,8 млрд. сўмни, чакана товар айланмаси 108,4 млрд. сўмни ташкил этди.

 

Моҳигул Қосимова,  

Алимурод Мамадаминов (сурат), ЎзА