Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида мустақиллигимизнинг 32 йиллигига бағишлаб «Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!» шиори остида таниқли шоир ва журналист Фармон Тошевнинг “Асад баёзи”, «Сунбула баёзи», «Мезон баёзи», «Жавзо баёзи» номли китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид Фармон Тошев энг фаол, каттаю кичикка бирдек куйинчак, маърифатпарвар жадид боболаримизнинг ишларини фаол давом эттираётган, толмас ижодкор эканини таъкидлади.

–Самарқанд адабий муҳити миллий адабиётимизга дурдона асарлар берган, ҳазрат Навоийнинг дуолари етган мўътабар муҳитдир, – деди атоқли адабиётшунос олим Нурбой Жабборов. – Фармон ака фаол ва ибратли ижод қилаётган, шеърларида тафаккур ва тахайюл мужассам бўлган ижодкордир. Унинг янги нашр этилган “Асад баёзи”, «Сунбула баёзи», «Мезон баёзи», «Жавзо баёзи» номли китоблари бевосита табиат билан боғлиқлиги, ҳижрий-шамсий йилнинг ой номлари билан аталиши диққатга сазовор. Зеро, табиат энг яхши илҳом манбаидир. Ушбу китобларда ғазал, рубоий, маснавий, мухаммас, фард, мусаддас каби жанрлар киргани ижодкорнинг мумтоз шеърият намуналарини пухта эгаллагани, мумтоз шеъриятга  муносиб тарзда ижод қилишга интилаётганини англатмоқда. Асарларда табиат ва жамиятнинг ўзаро уйғунлиги шеъриятга зийнат бағишлайди. Мазкур асарлар миллат руҳини, бугунги кун нафасини ифода этгани билан аҳамиятлидир.

–Бу тақдимот Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланиб, «Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!» деган эзгу ғояни ўзида мужассам этгани билан аҳамиятлидир, – деди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов. – Бугун барчамиз мамлакатимизда кечаётган воқеаларнинг фаол иштирокчисимиз. Шу маънода жойларда Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллигига бағишлаб ёзувчи ва шоирлар иштирокида ўтаётган тадбирлар ижод аҳлига бўлган эътиборнинг намунасидир. Фармон ака билан эллик йиллик дўстмиз. Шу давр мобайнида Фармон ака оддий мухбирликдан атоқли шоир, ёзувчи ва драматург даражасигача етди. Фармон аканинг ижоди фақатгина ҳозир тақдимоти бўлаётган тўртта китоб билан белгиланмайди. Фармон Тошев ўқувчилар кўнглидан жой олган ҳикоялар, повестлар, йирик насрий асарлар муаллифи сифатида шаклланган ёзувчидир. Унинг биргина «Ҳоким» ҳикоясини ўқиган одам унинг қобилияти, истеъдоди, воқеаларни қандай бадиий таҳлил этиш маҳоратини англайди.

Тақдимот тадбирида таниқли адабиётшунос олим Адҳамбек Алимбеков, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими атоқли шоир Рустам Мусурмон, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Абдураззоқ Обрўев, шоира Сайёра Тўйчиева ва бошқалар устоз ижодкор Фармон Тошевнинг ижоди, янги китоблари хусусида батафсил сўз юритди.

–Ижодкорнинг ёзганларига муносабат бўлса, у ўзига янада талабчанроқ ёндошади, – деди учрашув якунида Фармон Тошев. – Шу маънода бугунги учрашув бир ижодкор сифатида яна нималарга аҳамият қаратиш зарурлигини англатади.

Тақдимот тадбирида таниқли ижодкор Фармон Тошевнинг ижодига оид учрашувларни, янги китоблари тақдимотини  олий ўқув юртларида, маҳаллаларда, кутубхоналарда ўтказишга оид фикрлар билдирилди.

 

Назокат Усмонова,  

ЎзА мухбири