Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Президент ҳузуридаги Статистика агентлиги мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда халқаро ахборот алмашинуви ва халқаро рейтингларда эришилаётган натижалар ҳақида маълумот берилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталининг янгиланган замонавий талқини ишлаб чиқилди. Бугунги кунда порталда 8,5 мингдан ортиқ маълумотлар тўпламлари уч тилда жойлаштирилган бўлиб, ўз вақтида янгилаб борилмоқда. Портал бошқа ташкилотлар сайтлари ва маълумотлар базалари билан интеграция қилинмоқда.

Шунингдек, портал фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида Статистика агентлиги Open Data Watch ташкилоти, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Жаҳон банки ва бошқа йирик халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб келинмоқда.

Статистика соҳасида қабул қилинган халқаро тавсиялар ва стандартларни Миллий статистика тизимига жорий қилиш, халқаро тажрибани ўрганиш ва тизим фаолиятини доимий равишда такомиллаштириб бориш мақсадида 10 дан зиёд халқаро ташкилотлар ҳамда 11 та хорижий давлатлар статистика идоралари билан фаол халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Натижада, Ўзбекистон Open Data Inventory (ODIN) очиқ маълумотлар рейтингида 195 та мамлакат орасида 70 балл билан 30-ўринга кўтарилди ҳамда Марказий Осиёда 1-ўринни сақлаб қолди. Open Data Inventory (ODIN) – миллий статистика идоралари томонидан юритиладиган веб-сайтлар ҳамда ҳукумат расмий веб-сайтида тақдим этилган маълумотларнинг қамрови ва очиқлигини баҳолайди. Шунингдек, расмий статистика камчиликларини аниқлаш, очиқ маълумотлар сиёсатини илгари суриш, миллий статистика органлари билан маълумотлардан фойдаланувчилар ўртасида мулоқотни яхшилаш ва очиқликни баҳолайди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ташқи савдо статистикаси бўйича маълумотлар базаси “COMTRADE” ва ЮНИСЕФнинг “TRANSMONEE” ахборот тизимларига интеграция амалга оширилди.

ODIN 2023 йилдан бошлаб Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) индикаторлари қаторига киритилди. Бу, ўз навбатида, рейтингнинг нуфузи ошишига ва 2030 йилга қадар БРМ мақсадларига эришишни мониторинг қилишда мамлакатларнинг очиқ маълумотлардан кенгроқ фойдаланилишига олиб келади. Бинобарин, ODIN очиқ маълумотлар рейтинги баҳолашлари шаффоф ва очиқ ҳолда ўтказилади ҳамда бунда мамлакатларнинг ўзлари ҳам мазкур жараёнларда ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган ҳолда қисман иштирок этади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш ечимлари тармоғи (SDSN) ва халқаро экспертлар томонидан 2023 йилда эълон қилинган БРМ (SDG index) рейтингида Ўзбекистон 71,1 индекс билан 166 та мамлакат орасида 69 ўринни эгаллади. Бу натижа 2022 йилга нисбатан 8 поғонага ошган. 2022 йилда Ўзбекистон 69,9 индекс билан 77 ўринда қайд этилган эди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА