“Волонтёр” сўзи французча “volontaire” сўзидан олинган бўлиб, “ихтиёрий”, “ўз хоҳишига кўра иш қилувчи” деган маъноларни англатади.
Дунё бўйлаб волонтёрлик ҳаракати кенг тарқалган. Волонтёрлар қаерда одамларга, жамиятга кўмак керак бўлса, ўша ерда ҳозир бўлишга ҳаракат қилади.
Ижтимоий соҳалардаги ва экологик муаммоларга қарши курашиш учун тузилган волонтёрлик ҳаракатининг қамрови кенглигини кузатиш мумкин.
Ўзбекистонда ҳам волонтёрлик ривожланиб бормоқда. Одам савдосига қарши курашиш бўйича тузилган волонтёрлик ҳаракати мавжуд бўлиб, унга кўпроқ талабалар аъзо бўлган. Улар турли тадбирлар ташкил этиб, одамларни огоҳликка чақириш, аҳоли гавжум жойларда одам савдосидан огоҳ этувчи буклетлар тарқатиш билан шуғулланади.
Экоҳаракат йўналишида ҳам волонтёрлар бор ва улар табиатни асраш, дарахтлар ноқонуний кесилишининг олдини олишга ҳаракат қилиб келмоқда.
Айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистонда волонтёрликка оид ҳуқуқий асослар яратилган.
2019 йил 2 декабрда қабул қилинган “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги қонун билан волонтёрлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинди.
Қонунга кўра, волонтёрлик – жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бепул асосда амалга ошириладиган, жамоат учун фойдали бўлган ихтиёрий фаолият ҳисобланади. Волонтёрлик фаолияти қонунийлик, инсонпарварлик, тенглик, ихтиёрийлик, беғаразлик принципларига асосланади.
Волонтёрлик фаолияти якка тартибда, волонтёрлар гуруҳи таркибида ҳамда волонтёрлик ташкилоти орқали амалга оширилади. 18 ёшга тўлган жисмоний шахслар волонтёрлик фаолиятини амалга ошириши мумкин.
16 ёшдан 18 ёшгача бўлган жисмоний шахслар волонтёрлик фаолиятини, башарти бу фаолият уларнинг соғлиғига ҳамда ахлоқий ривожланишига зарар етказмаса ва ўқув жараёнини бузмаса, амалга ошириши мумкин.
Волонтёрлик фаолиятининг мақсади жисмоний ва юридик шахсларга, умуман, жамиятга ёрдам кўрсатиш. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ижтимоий аҳамиятга молик тадбирларни ташкил этувчиларнинг розилиги билан унда иштирок этади. Жамиятда фуқаролик нуқтаи назарини, ўзини ўзи ташкил этишни, ижтимоий масъулият, бирдамлик, ўзаро ёрдам бериш ва раҳм-шафқат туйғуларини шакллантиради.
Мамлакатимизда волонтёрлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга оширишга оид ҳуқуқий асослар яратилган бўлса-да, уларни қўллаб-қувватлаш масаласи эътибордан четда қолаётган эди.
Қолаверса, хайрли, эзгу мақсадларни виждон амри билан бажарувчи волонтёрларни рағбатлантириш, давлат органларининг волонтёрлик фаолиятини амалга оширувчи субъектлар билан ҳамкорлигини кучайтириш жамият учун фақат фойда келтиради.
Шу мақсадда “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди.
2023 йил 19 августда кучга кирган мазкур қонун билан Вазирлар Маҳкамасига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига волонтёрлик фаолияти соҳасидаги давлат мақсадли дастурларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва уларнинг бажарилишини таъминлаш бўйича ваколатлар берилди.
Қонун билан Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлиги волонтёрлик фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланди.
Статистик маълумотларга кўра, ҳозирги кунда волонтёрлик гуруҳлари аъзоларининг 80 фоизини ёшлар ташкил этади.
Қонунга кўра, Ёшлар ишлари агентлиги соҳада давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлайди. Мақсадли дастурларни ишлаб чиқади ва амалга оширади. Қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади. Волонтёрлик фаолияти соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиради.
Қонунда Ёшлар ишлари агентлиги ва барча даражадаги ижро органларининг ваколатлари аниқ белгиланди. Эндиги масала волонтёрлик фаолиятини ривожлантириш борасида жамият ҳам, давлат идоралари ҳам барча бирдек ҳаракат қилишидир. Бу аҳоли, айниқса, ёшлар орасида хайрли ташаббуслар кўпайишига хизмат қилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА