Бугун АОКАда “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш ва иссиқхона газларини қисқартириш борасида олиб борилаётган лойиҳалар ва амалий чора-тадбирлар” мавзусида брифинг бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бошқарма бошлиғи Шаҳзод Исломов “яшил иқтисодиёт” ва барқарор ўсиш тамойиллари асосида иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, бунда иқлим ўзгариши салбий таъсирини камайтириш ва унга мослашиш масалалари муҳим эканини қайд этди.

–Шу талаблардан келиб чиқиб, энергетика соҳасида, хусусан, қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш, иқтисодиёт тармоқларини “яшил иқтисодиёт” тамойиллари асосида ривожлантириш, ушбу йўналишдаги лойиҳаларни молиялаштириш учун янги молиявий воситалар ишлаб чиқилмоқда. Жумладан, Жаҳон банки билан биргаликда Иқлим ўзгариши бўйича Париж битимининг 6-моддасига мувофиқ, қисқартирилган иссиқхона газлари (СО2 – углерод)нинг халқаро савдоси механизмини йўлга қўйиш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 августдаги “Жаҳон банки иштирокида “Энергетика ислоҳотлари учун инновацион углерод ресурсларини қўллаш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори билан тасдиқланди. Бунда Жаҳон банки ҳузуридаги “Углерод активлари трансформатив фонди” молиявий кўмагида Ўзбекистон ҳукуматига углерод бозорида иштирок этишда кўмаклашиш лойиҳаси доирасида 46,2 миллион долларлик маблағларни 2023-2028 йиллар давомида жалб қилиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳа 2 та компонентдан иборат бўлиб, биринчи компонентда камайтирилган эмиссияни сотиб олиш шартномаси доирасида 20 миллион доллар миқдорида маблағ жалб қилинади. Иккинчи компонент бўйича юмшатиш натижаларини сотиб олиш шартномаси доирасида 25 миллион доллар миқдоридаги маблағ ажратилади, – деди Ш.Исломов.

Шунингдек, брифингда вазирлик бошқарма бошлиғи Ўзбекистоннинг иссиқхона газларини қисқартириш бўйича Париж битими доирасидаги мажбуриятлари бажарилиши устидан доимий мониторингни йўлга қўйиш, корхоналар томонидан атмосферага чиқарилаётган иссиқхона газларини хисоблаш, “яшил энергетика” соҳасида олиб борилаётган ишлар самарадорлигини баҳолаш мақсадида MRV тизими ишлаб чиқилаётганини ҳам айтиб ўтди. Унга кўра,  MRV тизими доирасида иссиқхона газларининг барча даражадаги манбалари устидан доимий мониторинг ўрнатилади ва уларнинг эмиссиясини қисқартириш бўйича чора-тадбирлар белгилаб борилади.

Шу билан бирга, “яшил энергетика” тармоғини янада ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни янада кенгайтириш мақсадида “яшил энергия сертификатлари” тизими татбиқ этилаётир. Халқаро тан олинадиган “яшил” сертификатлар тизимини жорий қилишга кўмаклашиш учун Қайта тикланувчи энергия манбаларини сертификатлаш халқаро жамғармаси (I-REC) билан келишувга эришилган.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА