Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Транспорт воситаларида ташишда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга кўра, бир қатор ўзгаришлар амалга оширилади.
Жумладан, автобус ҳайдовчиларининг меҳнат ва дам олиш режимини назорат қилиш қурилмалари (тахограф) билан жиҳозланган ҳамда йўналишда фаолият кўрсатиш учун тегишли ҳужжатлари мавжуд бўлган (автомобиль транспортида йўловчиларни мунтазам йўналишларда ташиш ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳнома ва лицензия) автобусларда шаҳарлараро, вилоятлараро ва халқаро мунтазам йўналишларда йўловчиларни тунги вақтларда ички ишлар органлари ҳамроҳлигисиз ташишга рухсат берилади.
2024 йил 1 январдан бошлаб шаҳарлараро, вилоятлараро ва халқаро йўналишларда йўловчи ташувчи автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг иш вақти табеллар, йўл варақлари, чиптани ҳисобга олиш варақлари тахограф кўрсаткичига асосан ҳисобга олинади.
Қарорга мувофиқ, Транспорт вазирлиги ахографларни ўрнатиш, қиёслаш, уларга техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва тамғалаш бўйича фаолият юритадиган юридик шахсларнинг онлайн реестрини шакллантириб, Транспорт вазирлиги ягона интерактив ахборот порталига жойлаштиради ва мунтазам йўналишларда йўловчи ташиш қоидаларини бузиш, йўловчиларни ташувчи автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг меҳнат ва дам олиш режимига риоя этмаслик ҳолатлари юзасидан баённома тузиш ва маъмурий жавобгарликни белгилашни назарда тутувчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади.
2024 йил 1 январдан бошлаб инспекторлар меҳнат ва дам олиш режимига риоя этилишини назорат қилиш учун зарур қурилмалар билан таъминланади.
Қарорда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг сочилувчан (қадоқланмаган) қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, саноат ва озиқ-овқат товарларини, қурилиш ва маиший чиқиндиларни, шунингдек, бошқа тўкиладиган (иссиқ асфальт, йирик габаритли ва оғир юклардан ташқари) юкларни N, ОЗ ва 04 тоифадаги бортли ва ўзи ағдарувчи автотранспорт воситаларида мажбурий тартибда амалдаги стандартлар асосида брезент (зичлиги 660 г/м2 дан кам бўлмаган) ёки поливинилхлорид қопламали (зичлиги 900 г/м2 дан кам бўлмаган) материаллардан тайёрланган тент билан борт сатҳидан оширмасдан ва бортга мустаҳкам қотирилиб, юза қисми тўлиқ ёпилган тарзда ташиш белгиланган.
2023 йил 10 сентябрдан бошлаб темир йўл транспортида маҳаллий юкларни (тош кўмир, қўнғир кўмир, кокс, маъдан ва маъдан концентратлари) ички йўналишларда очиқ турдаги вагонларда бортидан ошириб юкланганда, юкни ташишда амалдаги стандартлар асосида брезент (зичлиги 660 г/м2 дан кам бўлмаган) ёки поливинилхлорид қопламали (зичлиги 900 г/м2 дан кам бўлмаган) материаллардан тайёрланган тент билан қопланган ҳолда ташиш тартиби жорий этилади.
Транспорт вазирлиги 2024 йил 1 мартга қадар ушбу қарор асосида транспорт воситаларида ташиш қоидаларига киритилган ўзгартиришлар амалиётда қўлланилишини таҳлил қилиб, заруратга кўра, уларни такомиллаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиши мумкин.
ЎзА