Ҳоким ёрдамчилари учун “Хитойнинг камбағалликни қисқартириш бўйича тажрибаси” мавзусига бағишланган онлайн семинарга старт берилди.

Семинар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси, Хитойдаги камбағалликни қисқартириш халқаро маркази ва БМТнинг Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда ташкил қилинди.

Жорий йил 21-25 август кунлари ўтказиладиган семинарда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги масъуллари, вазирликнинг ҳудудлардаги бошқармалари ва бўлимлари ходимлари ҳамда 9 минг 222 нафар ҳоким ёрдамчилари иштирок этмоқда.

Семинарнинг очилишида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев, Хитойдаги камбағалликни қисқартириш халқаро маркази директори Лью Жунвен, Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги элчиси Фарҳод Арзиeв ва бошқалар сўзга чиқди.

Семинар Президентимизнинг 2023 йил 12 июндаги “Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ташкил қилинди.

Маълумки, Хитой Халқ Республикаси дунё мамлакатлари ўртасида камбағалликни қисқартириш соҳасида етакчи мамлакат ҳисобланиб, ҳукумат томонидан амалга оширилган ишлар камбағаллик устидан ғалаба қозонишга олиб келган.

Бугунги кунда Хитойдаги камбағаллик даражаси 0,5-1 фоизни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич 20 асрнинг 70-80-йилларида 70 фоиздан юқори бўлган. Бу эса мамлакатда камбағалликка қарши курашиш бўйича жорий этилган манзилли ишларнинг юқори самарадорлигини билдиради ва жаҳон ҳамжамияти учун бебаҳо тажриба сифатида эътироф этилади.

Мазкур семинарнинг мақсади иштирокчиларга Хитойнинг камбағалликни қисқартириш соҳасида амалга оширган чора-тадбирлари, аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўлланилган манзилли инструментлари ва камбағал аҳоли қатламлари билан индивидуал тарзда ишлаш механизмлари каби тажрибасини ўргатиш ҳисобланади.

Семинарни ташкил этиш натижасида ҳудудлардаги барча ҳоким ёрдамчиларида камбағалликни қисқартириш тушунчаси ва унга қарши курашиш бўйича халқаро тажриба каби кўникмалар шакллантирилади.

Жумладан, ҳоким ёрдамчилари камбағал оилалар билан ишлаш, уларнинг хоҳиш ва истакларини аниқлаш, ишсиз аҳоли қатламларининг аниқ истакларидан келиб чиқиб уларни касб-ҳунарга ўқитиш учун йўналтириш, тадбиркорликка жалб этиш йўлларини ўрганади.

Шунингдек, иштирокчиларга Хитойнинг маҳалла даражасида кичик саноат ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қўшимча қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқариш, янги ишлаб чиқариш линиялари ҳамда ёрдам турларини диверсификация қилиш каби тушунчалар ҳам ўргатилади.

Семинар якунлари бўйича иштирокчилар тест синовларидан ўтказилади.

ЎзА