Ахборот технологияларни шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги кунда педагогларнинг ушбу йўналиш бўйича касбий малакасини муттасил ошириб бориш зарур.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан бир қатор хорижий ташкилотлар кўмагида информатика ва ахборот технологиялари фани бўйича дарслик ва ўқув – методик адабиётлар маҳаллийлаштирилди.
Ушбу дарсликлардан фойдаланиш юзасидан мамлакатимизнинг 500 нафар информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчилари учун маҳорат дарслари ташкил этилди.
Тренингнинг илк босқичи шу кунларда республикамизнинг 14 ҳудудидан келган 30 нафар ўқитувчи учун Тошкент шаҳрида ўтказилмоқда.
Тренингнинг иккинчи босқичи 28 – 30 август кунлари вилоятлардаги педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказларида ташкил этилади. Унда малака оширган 30 нафар тренер – ўқитувчи сабоқ беради. Ушбу маҳорат дарсларида 470 нафар ўқитувчига янги дарсликлардан фойдаланиш тушунтирилади.
Шунингдек, информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчилари учун янги дарсликлардан фойдаланиш бўйича видеокурслар ҳам ишлаб чиқилди.
Абдулла Авлоний номидаги Педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўрганиш миллий тадқиқот институтининг LSM махсус платформасига жойлаштирилган видео курсларни ўқитувчилар онлайн ўқиш имкониятига эга.
Н.Усмонова, ЎзА